1. Бош саҳифа
  2.  / 
  3. Ўзбекистон

Ўзбекистонда вазирлик раҳбарлари номидан очилган сохта аккаунтлар ҳақида огоҳлантириш берилди

Қайд этилишича, сўнгги кунларда номаълум шахслар томонидан очилган сохта аккаунтлар орқали тизим ташкилотлари раҳбарлари ва ходимларига турли хабарлар юборилган.

Ўзбекистонда вазирлик раҳбарлари номидан очилган сохта аккаунтлар ҳақида огоҳлантириш берилди

 

 

Ўзбекистонда вазирлик ва ташкилот раҳбарлари номидан сохта Телеграм аккаунтлар очилиб, улар орқали турли мазмундаги ёлғон хабарлар тарқатилаётгани ҳақида расмий огоҳлантириш берилди. Бу ҳақда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги маълум қилди.

 

Қайд этилишича, сўнгги кунларда номаълум шахслар томонидан очилган сохта аккаунтлар орқали тизим ташкилотлари раҳбарлари ва ходимларига турли хабарлар юборилмоқда. Айрим ҳолатларда ходимларга гўёки шахсий маълумотлар ноқонуний тарқатилгани юзасидан ички текширув ўтказилаётгани ҳақида асоссиз маълумотлар етказилган.

 

Шунингдек, сохта аккаунтлар орқали ўзини масъул ташкилот ходими сифатида таништирган шахслар яқин вақт ичида боғланиб, саволлар бериши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирувчи хабарлар ҳам юборилган. Мутасаддилар бу каби мурожаатлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини таъкидламоқда.

 

Вазирлик фуқаролар ва ташкилот ходимларини ижтимоий тармоқлар орқали келаётган шубҳали хабар ва топшириқларга эҳтиёткорлик билан ёндашишга чақирди. Хусусан, расмий манбаларга алоқадорлиги тасдиқланмаган аккаунтларга ишонмаслик, шахсий ва хизматга оид маълумотларни тақдим этмаслик тавсия этилди.

 

Аввалроқ ҳам юқори лавозимли шахслар номидан сохта аккаунтлар очилгани аниқланган. Жумладан, Миллий Олимпия қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Отабек Умаров номидан очилган аккаунтлар орқали спортчилар ва спорт соҳаси вакилларига хабарлар юборилиб, турли маълумотларни қўлга киритишга уриниш ҳолатлари қайд этилган.

 

Шунингдек, Рақобат қўмитаси номидан тадбиркорлар ва фуқароларнинг электрон почта манзилларига ҳам сохта хабарлар юборилган. Мутасаддилар бундай ҳолатларда фақат расмий саҳифалар ва тасдиқланган манбаларга ишониш зарурлигини эслатди.

Категориялар

Боғланиш учун

+998 (71) 207-21-28

Электрон манзил:

info@zamon.uz

Шаҳодатнома

№1346 Берилган сана: 28.05.2020

Асосчиси

ООО Master Media Production and Broadcast

Таҳририят манзили

Tошкент ш., Амир Темур шоҳ кўчаси, 53 уй

Яндекс.Метрика