Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ тизимини янада очиқ ва фуқароларга яқин қилишга қаратилган ислоҳотлар изчил давом эттирилади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев 26 декабрь куни Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига қилган мурожаатномасида маълум қилди.
Давлат раҳбари одил судлов жараёнини “рақамли суд” концепцияси асосида ташкил этиш ишлари бошланганини таъкидлади. Эндиликда тергов жараёнларини ҳам тўлиқ рақамлаштириш орқали инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмлари кучайтирилади. Жиноят ҳақидаги аризани қабул қилишдан тортиб, ишни судга оширишгача бўлган барча босқичларда сунъий интеллект технологиялари жорий этилиб, инсон омили имкон қадар қисқартирилади.
Қайд этилишича, тергов судьялари фаолиятининг йўлга қўйилиши халқаро миқёсда тан олинган “Xabeas korpus” институтини амалиётга татбиқ этишда муҳим босқич бўлди. 2026 йилдан бошлаб тергов судьяларига санкциялар ҳамда мажбурлов чораларини ўзгартириш ёки бекор қилиш ваколатлари ҳам берилади.
Одил судловни амалга оширишда жамоатчилик иштироки кенгайтирилади. Жиноят процессига инглиз ҳуқуқи тизимига эга давлатларда самарали натижа берган “Халқ вакиллари ҳайъати” институти босқичма-босқич жорий этилади. Ушбу механизм ўта оғир ҳамда жамиятда кенг муҳокамага сабаб бўлаётган жиноят ишларини жамоатчилик вакиллари иштирокида кўриб чиқиш имконини яратади ва суд ҳукмларининг адолатлилигини оширишга хизмат қилади.
Шунингдек, суд қарорлари ижросини таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Президент мажбурий ижро жараёнида самарали муқобил механизмларни жорий этиш режалаштирилаётганини таъкидлади.


