Хорижий тил ўқитувчилари учун сертификат олиш муддати 2025 йил охиригача узайтирилди.
Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазири хорижий тил ўқитувчиларига қўйилган сертификат талаби юзасидан янги буйруқ имзолади.
Ҳужжатга кўра:
Умумий ўрта таълим мактабларида фаолият юритаётган хорижий тил ўқитувчилари камида B2 даражадаги миллий ёки унга тенглаштирилган халқаро сертификатга эга бўлишлари шарт. Ушбу талаб сақланиб қолган ҳолда, сертификатга эга бўлмаган педагогларга 2025 йил якунига қадар фаолиятини давом эттиришга рухсат берилди.
Амал қилиш муддати ўқув йили давомида тугайдиган сертификат эгалари ўқув йилининг охиригача ишлаш имкониятига эга бўлади.
Муддатсиз сертификатларнинг амал қилиш муддати олинган кундан бошлаб 3 йил этиб белгиланди.
Жорий ўқув йилида вакант лавозимларга олий таълим муассасаларида хорижий тил мутахассислиги бўйича таҳсил олаётган ва сертификатга эга бўлган 3–4-курс талабалари жалб қилинади.
2025 йил 1 декабрига қадар сертификати йўқ ўқитувчилар учун малакали мутахассислар иштирокида қўшимча ўқув машғулотлари ташкил этилади ва уларнинг имтиҳонларда иштирок этиши таъминланади.
Буйруқ ижроси юзасидан назорат вазирнинг биринчи ўринбосари зиммасига юклатилди.


