Туризм соҳасида хизматлар сифатини ошириш ва сайёҳлар учун максимал даражада қулай муҳит яратиш мақсадида, Туризм қўмитаси ҳузуридаги давлат унитар корхонаси “Туристларга хизмат кўрсатиш маркази” томонидан премиум тоифадаги автомобиллар асосида транспорт хизматларини йўлга қўйиш чоралари кўрилди.
Мазкур ташаббус Ўзбекистон Республикасида сайёҳлик инфратузилмасини ривожлантириш, шунингдек, мамлакат имиджини замонавий, меҳмондўст ва халқаро мезонларга мос сайёҳлик манзили сифатида мустаҳкамлашга қаратилган. Янги хизматлар хорижий ва маҳаллий сайёҳларга аэропорт трансферлари, шаҳар ичидаги экскурсиялар ҳамда шаҳарлараро сафарлар учун юқори даражадаги транспорт воситаларидан фойдаланиш имконини беради.
Автопарк қуйидаги транспорт воситалари билан жиҳозланган:
Mercedes-Benz S-Class 222/223 — бизнес ва VIP меҳмонлар учун мўлжалланган;
Mercedes-Benz Sprinter микроавтобуси — кичик гуруҳлар учун;
Катта сиғимли замонавий автобуслар — оммавий ва гуруҳли ташрифлар учун.
Ушбу транспорт воситалари иқлим назорати тизими, Wi-Fi, юқори даражадаги чарм ўриндиқлар, хавфсизлик тизимлари ва хорижий тилларни биладиган профессионал ҳайдовчилар билан таъминланган.
Бундай хизматлар айниқса халқаро даражадаги тадбирлар, ишбилармонлик форумлари, расмий делегациялар, шунингдек якка тартибдаги ва гуруҳли сайёҳлик маршрутлари доирасида муҳим аҳамият касб этади.
Туризм қўмитаси мамлакатнинг жозибадорлигини ошириш, қулай ва хавфсиз сайёҳлик инфратузилмасини шакллантириш, шу жумладан транспорт инфратузилмасини замонавийлаштириш борасидаги ишларни изчил давом эттирмоқда.


