Бугун АОКАда «ИИВ тизимида кадрлар сиёсати, маънавий-маърифий ишлар ва уларнинг натижадорлиги, ходимларнинг ижтимоий ҳимояси борасида шаффофликни таъминланиши масалалари» мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Унда ИИВ маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш департаменти бошлиғи ўринбосари полковник Ҳамза Махсумов йил бошидан буён вафот этган ходимлар ҳақида маълумот берди.
"Шу йилнинг 10 ойида 25 нафар ИИО ходими вафот этган. Шундан 9 нафари йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида ҳалок бўлган бўлса, қолган 16 нафари хизмат вазифасини бажараётган вақтда вафот этган", — деди полковник.
Бундан ташқари, жорий йилнинг 10 ойи давомида ички ишлар органларининг 284 нафар ходими турли даражада тан жароҳати олиб, аксарияти олган тан жароҳати оқибатида орттирилган ногиронлик ҳолати ёки хизматга яроқсизлиги сабабли соғлиғининг ҳолатига кўра ички ишлар органларидан бўшатилган.


