Фавқулодда вазиятлар вазири Ботир Қудратхўжаев Ўзбекистонда ёнғинлардан муҳофаза қилиш борасида олиб борилаётган ишлар юзасидан ахборот берди. Қайд этилишича, жорий йилда мамлакат бўйича ёнғинлар сони ўтган йилга нисбатан 17 фоизга ошган.
Маълумотларга кўра, рўйхатга олинган 323 минг 93 та корхона ва ташкилотнинг 79 минг 432 тасида ёнғин хавфсизлиги бўйича текширувлар ўтказилган. Текширувлар давомида қоидабузарликларга йўл қўйган 51 минг 824 нафар раҳбар, масъул шахс ва фуқарога нисбатан маъмурий чоралар кўрилган.
Хусусан, жами 31 миллиард 803 миллион 458 минг сўм миқдорида жарима қўлланилган, 22 минг 642 та иншоотнинг фаолияти вақтинча тўхтатилган. Шунингдек, ёнғин хавфи мавжуд бўлган 112 минг 527 та носоз электр ускунаси электр тармоғидан узилган.


