Бундан роппа-роса бир йил аввал — 2025 йил 29 январь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюриб, марказ экспозицияларида 2 мингдан ортиқ маҳаллий ва хорижий олимлар томонидан ишлаб чиқилган илмий-инновацион лойиҳалардан кенг фойдаланиш бўйича муҳим тавсиялар ва аниқ топшириқлар берган эди.
Мазкур ташриф чин маънода тарихий воқеа бўлди. Орадан ўтган бир йил давомида Марказ биноси тўлиқ қуриб битказилди, унинг фаолиятини такомиллаштириш ва мазмунан бойитиш йўлида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Ушбу жараёнга 40 дан ортиқ мамлакатдан етакчи мутахассислар, дизайнерлар ва олимлар жалб этилиб, Президентимизнинг ғоя ва ташаббуслари асосида барпо этилган мазкур мегалойиҳа халқаро миқёсдаги ҳамкорлик марказига айланди.
2025 йил сентябрь ойида давлат раҳбари БМТ Бош Ассамблеясининг юксак минбаридан сўзлаган нутқида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази қуриб битказилгани ва яқин фурсатда фойдаланишга топширилиши ҳақида жаҳон ҳамжамиятига маълумот берди. Ўтган давр мобайнида Марказнинг ички контенти янада бойитилди, экспозициялар мукаммал шакллантирилди ва у бугун дунё эътиборидаги бетакрор илмий-маънавий масканга айланди.
Ҳозирги кунда Марказга дунёнинг турли нуқталаридан олий мартабали меҳмонлар, давлат ва ҳукумат раҳбарлари, нуфузли халқаро ташкилотлар вакиллари ташриф буюриб, цивилизациялар, тарихий шахслар ва илмий кашфиётларга бағишланган ноёб илмий лойиҳалар билан яқиндан танишмоқда. Жаҳоннинг таниқли сиёсатчилари ва жамоат арбоблари ушбу ҳақиқатни очиқ эътироф этмоқда.
Бугунги глобаллашув шароитида инсоният чуқур сивилизацион синовлар даврини бошдан кечирмоқда. Технологик тараққиёт кўплаб ҳолларда ахлоқий англашдан илгарилаб кетмоқда, геосиёсий қарама-қаршиликлар, маданий ўзлик инқирози ва диний экстремизм инсоният олдига янги чақириқларни қўймоқда. Ана шундай мураккаб шароитда цивилизациялар ўртасидаги мулоқотнинг бунёдкор моҳиятини тиклай оладиган янги платформаларга эҳтиёж кескин ортиб бормоқда.
Айнан шу тарихий паллада Евроосиёнинг қоқ марказида — буюк цивилизациялар ва илмий мактаблар туташган заминда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази барпо этилди. Бу лойиҳа тасодифий эмас, балки Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг чуқур стратегик дунёқараши ва узоқни кўзлаган сиёсий иродасининг бевосита ифодасидир.
Президент Шавкат Мирзиёев 2017 йилда БМТ минбаридан туриб, ислом цивилизациясининг жаҳон тарихидаги ҳақиқий ўрнини тиклаш, диннинг асл моҳияти — маърифат, илм-фан ва инсонпарварлик эканини дунё ҳамжамиятига яна бир бор эслатган эди. Ушбу консептуал ёндашув бугун Ислом цивилизацияси марказида ўзининг амалий ва институционал ифодасини топди.
БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш Марказга ташрифи чоғида мазкур ташаббусга юксак баҳо бериб, Президент Шавкат Мирзиёевни мулоқот, маърифат ва ўзаро ҳурмат ғояларини изчил илгари сураётган нуфузли етакчи сифатида эътироф этди. Бу баҳо Ўзбекистоннинг глобал жараёнлардаги ролига берилган халқаро эътирофдир.
Марказ нафақат йирик меъморий мажмуа, балки замонавий илмий-тадқиқот инфратузилмаси, илғор музей технологиялари, замонавий кутубхона, миллий ва халқаро архив тизими ҳамда рақамли гуманитар платформаларни ўзида мужассам этган ноёб сивилизацион макондир. Бу ерда ислом цивилизацияси буюк илмий инқилоблар, академиялар, тиббиёт, фалсафа ва санъат ривожи билан узвий боғлиқ ҳолда ёритилади.
Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Марказни илмий, туристик ва этномаданий аҳамиятга эга улкан лойиҳа сифатида баҳолаган бўлса, Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев ушбу маскан исломнинг бунёдкорлик ва бағрикенглик моҳиятини бутун дунёга намоён этишини таъкидлади.
Марказ фаолиятида маданий меросни қайтариш йўналиши ҳам алоҳида ўрин тутади. Президент топшириғига мувофиқ йўлга қўйилган дипломатик ва институционал механизмлар орқали дунёнинг етакчи аукцион уйлари ва музейлари билан ҳамкорлик ўрнатилди. Натижада юртимизга Ибн Сино ва Беруний қўлёзмалари, Темурийлар даври миниатюралари ҳамда минглаб ноёб артефактлар қайтарилди. Бу жараён Марказий Осиёнинг сивилизацион хотирасини тиклаш йўлидаги муҳим қадам бўлди.
Финляндия Президенти Александр Стубб, Парагвай Президенти Сантяго Пеня ва Сербия Президенти Александр Вучич Марказ экспозицияларини юқори баҳолаб, уни замонавий дунёда мисли кўрилмаган илмий-маънавий муҳит сифатида эътироф этдилар.
Бугун Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази Байт ул-ҳикма, Маъмун академияси ва Улуғбек мадрасаси сингари тарихий илмий марказларнинг замонавий даврдаги мантиқий давомчисига айланмоқда. У фақат илм сақланадиган жой эмас, балки цивилизациялар ўртасидаги мулоқот, англашув ва бунёдкорликни таъминловчи глобал интеллектуал майдондир.


