Ўзбекистон ҳудудига импорт қилинаётган юқори фитосанитар хавфга эга маҳсулотлар мунтазам равишда назоратдан ўтказилади. Шу доирада олинган навбатдаги намуна Марказий фитосанитария лабораториясида экспертизадан ўтказилди.
Текширув натижаларига кўра, Қозоғистон Республикаси орқали олиб кирилган мандарин партиясида Aonidiella aurantii (Maskell) ҳамда Dysmicoccus brevipes (Cockerell) каби зарарли организмлар аниқланган. Қўшимча таҳлил натижасида ушбу 22,26 тонна маҳсулотнинг Хитой Халқ Республикасида етиштирилгани маълум бўлди.
Мазкур ҳолат юзасидан Хитой томони билан музокаралар олиб борилиб, Ўзбекистоннинг фитосанитар талабларига жавоб берадиган ҳудудлардан маҳсулот экспортини йўлга қўйиш чоралари кўрилмоқда.
Сўнгги пайтларда Қозоғистон орқали импорт қилинаётган айрим мандарин партияларида фитосанитар сертификатларда келиб чиқиш мамлакати сифатида Жанубий Африка Республикаси, Туркия ёки бошқа давлатлар кўрсатилгани, бироқ ёрлиқларда маҳсулотнинг Хитойда етиштирилгани аниқланган.
Зарарли организмлар аниқланган мазкур маҳсулот партияси ҳам айнан Хитойда етиштирилганлиги сабабли, Хитойда етиштирилган мандаринлар импортига вақтинчалик чеклов ўрнатилди.
Шунингдек, Қозоғистон Республикасининг масъул ташкилотларига рееэкспорт фитосанитар сертификатларини расмийлаштиришда маҳсулотнинг ҳақиқий келиб чиқиш мамлакати ISPM №12 талабларига мувофиқ тўғри кўрсатиш бўйича расмий сўров юборилган.


