2025 йилнинг ёзида ўзбекистонлик банкир Қаҳрамонжон Олимов Францияда ўғирлаб кетилгани ва қийноққа солингани халқаро ва маҳаллий оммавий ахборот воситаларида шов-шув бўлган эди. Олимовнинг айтишича, жиноятчилар ундан 10 миллион доллар тўлашни талаб қилган. Бу ҳақда дастлаб Франциянинг Le Monde нашри банкир ва унинг яқинига таяниб ёзган эди. Кейинчалик бу хабар бутун дунё, хусусан, Ўзбекистонда оммавий ахборот воситалари томонидан нашр этилди. L’Express ва The Insider нашрларининг ҳамкорликдаги суриштирув давомида ушбу воқеада бир-бирига зид кўплаб ҳолатлар аниқланган.
Амалдаги шахслар
Банкирга кўра, жиноят ўзбекистонлик Б.Р исмли шахснинг ишончли одами М томонидан содир etilgan. Франция газетаси Қаҳрамон Олимжоновдан бошқа ҳеч кимнинг исмини келтирмаган. The Insider Олимов ўғирлаш ва товламачиликда айблаётган инсонлар шахсига ойдинлик киритди, шунингдек, Олимовнинг ўғирланиши саҳналаштирилганини исботловчи далилларни аниқлади.
Б.Р. — бу таниқли ўзбекистонлик олигархи Ботир Раҳимов, шунингдек, Қаҳрамонжон Олимовнинг собиқ иш берувчиси. The Insider манбаларига кўра, Олимов собиқ президент Ислом Каримов вафотидан кўп ўтмай, 2016 йилда Ўзбекистонни тарк этган собиқ хўжайини Ботир Раҳимовнинг мол-мулки эвазига француз газетаси айтганидек “молия магнатига” айланган.
М. Россия фуқароси ва Раҳимовнинг Туркиядаги бизнес шериги ҳисобланади. Insider бу йигитнинг исмини сир сақламоқда, чунки шу шарт билан нашр катта миқдордаги маълумотларга кириш имконига эга бўлган. Бироқ таҳририятда М. ҳақида тўлиқ маълумотлар мавжудлиги ёзилмоқда.
The Insider адвокат орқали М., шунингдек қабулхона орқали Ботир Раҳимов билан боғланган. L’Express журналистлари эса “жабрланувчи” Қаҳрамонжон Олимовга яқин манба билан суҳбатлашган.
The Insider ихтиёрида Олимов ва М. — уни ўғирлаганликда гумон қилинаётган шахс ўртасидаги ёзишмалар, шунингдек, бу воқеага ойдинлик киритадиган йўл ҳужжатлари, молиявий, процессуал ва бошқа ҳужжатлар мавжуд.
Қаҳрамонжон Олимов версияси
“Жабрланувчи” банкирга кўра, 2025 йилнинг 22 июнь куни тушга яқин у Париж марказида уни куч билан микроавтобусга ўтиртиришган ва номаълум жойга олиб кетишган. Бу жойда М. уни қийноққа солиб, ундан 10 миллион доллар талаб қилган. Шундан сўнг Олимов Nitssa яқинидаги виллага кўчирилган ва у ерда қийноқлар ҳамда товламачилик давом этган. Бундан ташқари, М. Олимовнинг ўлдирилиш саҳнасини имитация қилган, шунингдек, Ўзбекистоннинг амалдаги ҳукуматини ҳақоратлашга мажбурлаб, уни видеога олган. Шундан сўнг, банкир 5 миллион доллар учун тилхат ёзишга ва 200 минг доллар беришга рози бўлган, гўёки шундан кейингина уни озод қилишган ва у полицияга мурожаат қилган.
Суриштирув давомида аниқланган фактлар
Олимов ва М. ўртасидаги суҳбат, шунингдек, ёзишмаларидан (уларнинг нусхаси The Insider'да бор) кўринишича, уларнинг мулоқоти можароли вазиятга, бунинг устига жиноятчи—жабрланувчи ҳолатига хос эмас. Аксинча, Олимов ва М. бир-бирига нисбатан хушмуомала, ҳатто дўстона муносабатда бўлган.
Олимов куч билан ушлаб турилган Nitssa яқинидаги, янаям аниқроғи Rokfor-le-Pan комуннасида жойлашган виллага туристик хизматларни кўрсатиш билан шуғулланувчи воситачи орқали ижарага олинган — унинг ҳақи криптовалюта орқали тўланган. Шу билан бирга, аввалига ижарага олувчи инсоннинг шахсини тасдиқлайдиган ҳужжат сифатида келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган Франция фуқароси — Шуҳрат Зиёуддиновнинг паспорти юборилган. У Олимовнинг яқин сафдоши ҳисобланади. Аммо ижарачи “хотини билиб қолмаслиги” учун анонимликни илтимос қилгани боис охир-оқибат паспортдан фойдаланилмаган.

“Ўғирлаб кетилган” Олимов сақланаётган вилла
Олимовнинг сўзларига кўра, у 2025 йилнинг 22 июнида ўғирлаб кетилган ва эртаси куни, 23 июнь куни қўйиб юборилган. The Insider томонидан кўриб чиқилган ҳужжатларга кўра, Олимов “қўйиб юборилганидан” кейин биринчи класс билан Парижга учиш чиптаси М., нинг шахсий ҳайдовчисига тегишли банк картаси орқали тўланган. Шундан сўнг M.нинг ўзи Telegram'даги шахсий рақамидан чипта нусхасини Олимовга юборган.
Парижга қайтиб келган Олимов 24 июнь куни полицияга одам ўғирлангани ҳақида хабар беради. Полиция маълумотларига кўра, Олимовни сўроқ қилиш 2025 йил 24 июнь куни соат 15:00 дан 22:30 гача давом этган. Олимовнинг М. билан Тelegram орқали ёзишмалари 2025 йилнинг 23 июнидан 26 июнига қадар давом этган, улар бир-бири билан дўстона мулоқот қилган, айниқса, 24 июнда. Бундан ташқари, Олимов жиноят қурбони сифатида кўрсатма бераётган вақтида “қарзининг бир қисми сифатида 200 минг доллар” бериш масаласини М. билан муҳокама қилган. Пуллар соат 19:00 ларда, яъни сўроқнинг айни қизғин палласида бериб юборилган.
Олимов ва М. ўртасидаги ёзишмалар фақат 2025 йил 26 июнида тўхтаган. Олимовнинг M.га сўнгги хабарида шундай дейилган: “Мени зудлик билан полицияга олиб кетишяпти. Алоқани узяпман”. М. эса бунга “Улар сени нега олиб кетишмоқда? Бу саҳналаштирилганини англаб қолишдими?”, жавоб ёзган. Бироқ савол жавобсиз қолган.

Олимов ва М. ўртасидаги ёзишмаларнинг скриншотлари.
“Одам ўғриси” ва “жабрланувчи” ўртасидаги мулоқот орадан икки кун ўтиб, 28 июнь куни М. Олимовга янги рақамдан “Бир томондан ариза ёздинг, иккинчи томондан мени полициядан огоҳлантирдинг. Ҳали ҳам дўстмисан ёки йўқ, буни билмаяпман? ” деб СМС ёзганида, Олимов: “Орамизда душманлик йўқ, шунинг учун сенга ёздим. Вазият ўз траекторияси бўйича кетяпти. Мен вазиятни назорат қилмаяпман”. Сўнг, Олимов M.ga қуйидагича хабар қолдиради: “Аллоҳга шукур, сени ушлашмади. Худо сени яхши кўради. Ҳозир менга ёзмаслигинг керак деб ўйлайман. Ўйлайманки, сен мени тушундинг”.
Ниҳоят, соатлаб қийноқлар қурбони бўлган Олимовда тиббий кўрик текширувлари ўтказилади. Текширув натижасида унда майда кўкаришлар ва енгил жароҳатлар аниқланади.
Узоқ муддатли битимлар
Ўғирлаш саҳналаштирилганининг яққол белгилари аниқлангач, L’Express ва The Insider амалдаги шахслар ўртасидаги муносабатлар тарихи билан қизиқиб, қуйидагиларни аниқлади: 2016 йилда ўзбекистонлик олигарх Ботир Раҳимов Эгей денгизи қирғоғида меҳмонхона сотиб олиб, Туркияга кўчиб ўтади. Амалда Раҳимовга тегишли бўлган Капиталбанк ва олигархнинг яна ўнлаб компаниялари эса Қаҳрамонжон Олимовнинг бошқарувида қолади. 2017 йилда Олимов Раҳимовни бизнеси хавф остида экани ва “таъсир доирага эга одамлар” томонидан тортиб олиниши мумкинлиги ҳақида ишонтиради. Бунинг олдини олиш учун Олимов унга барча активларни қандай бўлмасин сотиш, шу орқали бизнес империяси эгаллаб олинишига йўл қўймаслик ва жиноий таъқибдан омон қолишни таклиф қилади.

Ботир Раҳимов
Фото:Миллий Олимпия қўмитаси
Ўзини воситачи сифатида кўрсатган Олимов йирик хусусий банк, қурилиш фирмалари ва суғурта компаниялари каби ўнлаб компанияларни 13,5 миллион доллар эвазига ўз номига ўтказишни таклиф қилади. Бундай зарарли вазиятдан лол қолган Раҳимов битимдан воз кечади. Битимни имзолаш кераклиги ҳақида уни ишонтирар экан Олимов Раҳимовга бир йил давомида қўшимча 10 миллион доллар, шунингдек, тақсимланмаган айрим дивидендларни беришни ваъда қилади. Узоқ ўйланишлардан кейин Раҳимов рози бўлади.
Ушбу музокараларда Раҳимовнинг Туркиядаги бизнес шериги М. иштирок этади, унинг олдида Раҳимовв қўшма лойиҳа бўйича молиявий мажбуриятларга эга эди. Музокаралар натижасида Олимов, Раҳимов ва М. қуйидаги келишувга эришдилар: Олимов Раҳимов билан ҳисоб-китоб қилиш учун 10 миллион АҚШ долларини тўғридан-тўғри М.,га тўлаб беради.
Битим тузилди, Раҳимов ўз бизнес империяси учун 13,5 миллион доллар олди, бу унинг ҳисоб-китобларига кўра, активларнинг реал қийматининг тахминан 5 фоизини ташкил этади, М. эса ҳеч нарса олмаган.
Ўшандан бери М. Олимовдан қарзи тўлашни талаб қилади. У билан 2019 йилда Европада, кейин эса Москвада бир неча бор учрашган. Бироқ Олимов юқори мартабали ҳомийларини тилга олиб, ваъда қилинган 10 миллион долларни тўлашдан қочиб келган.
Ботир Раҳимовга келсак, Ўзбекистонга қайтгач, у тергов бошлайди ва Олимов оддийгина ўртадаги воситачи эмаслигини, балки ўзи сотишга мажбур бўлган активларининг аксарияти Олимовга ўтиб кетганини аниқлади. Маълум бўлишича, Раҳимов билан келишувдан сўнг, Олимов қиммат харидларни амалга ошира бошлаган — масалан, у Германияда меҳмонхона сотиб олган, бир йилдан сўнг эса ўз банкини ташкил қилган, Олимовнинг ўзи эса ҳозирда 1 миллиард доллардан ортиқ маблағни бошқармоқда. Олимов, шунингдек, Siemens ва Франциянинг EDF компаниялари иштирокидаги йирик энергетика консорциумига аъзо бўлди, улар Ўзбекистонда иссиқлик электр станциясини қурилиши лойиҳасини амалга оширади.
Шундай қилиб, Ботир Раҳимов ҳеч нарсасиз Ўзбекистонга қайтиб келади ва унинг собиқ қўл остидаги ва ишончли одами олигархга айланган эди.
Ғазабланган Раҳимов Олимовдан 200 миллион доллардан ортиқ товон пули талаб қилиб, 2018 йилги битимни қайта кўриб чиқишни сўрай бошлади, шунингдек, бўлажак жараёнлар учун адвокатларни ёллади.
Айнан шу фонда Олимовнинг Францияда "ўғирлаб кетилгани" ҳақида хабарлар пайдо бўлади.
Натижалар
Олимовни босқичма-босқич ўғирлаш натижасида унинг рақиби Раҳимов ҳужумга учради, чунки агар тахмин қилинаётган жиноятни Раҳимовнинг шериги М. содир этган бўлса, Раҳимовнинг ўзи ташкилотчи деб эълон қилиниши мумкин эди.
М. бўлса Олимовнинг “ўғирланиши” сабаб ундан 200 минг доллар, шунингдек, Олимов унга эски қарзини қайтариши бўйича тилхатни қўлга киритади. Олимовнинг таъкидлашича, ушбу ҳужжатни у мажбурликдан имзолаган, аммо тилхат мазмуни бунинг аксини кўрсатмоқда: Олимов M.dan 50 фоиз миқдорида дисконт (тилхат 10 миллион доллар ўрнига 5 миллион долларга тузилган) ҳамда бўлиб тўлаш учун икки йил муҳлат олган.
Бироқ кўриниб турибдики, Олимов ҳатто шундай шартларда ҳам М. билан ҳисоб-китоб қилмоқчи эмас. Чунки Олимовнинг ўғирлаб кетилгани ҳақидаги саҳналаштирилган воқеа М. учун ҳақиқий жиноят иши — одам ўғирлаш ва товламачилик айблови, шунингдек, халқаро қидирув билан якунланди.
“«Ўғирлаш» дан ягона манфаатдор Олимовнинг ўзи бўлиб, у икки кредиторини зарарсизлантирди ва Франция ҳамда Ўзбекистон ҳукумати ҳимоясини талаб қилувчи жиноят қурбони қиёфасини яради”.
Суруштирувга кўра, Олимов Францияда Раҳимов билан ўзининг соф иқтисодий можаросини сиёсийлаштиришга уриниб, Раҳимовни “Ўзбекистон ҳукуматига яқин одам” деб атамоқда. Агар у Раҳимовни нейтраллаштира олмаса ва 2018 йилги келишувнинг ноқонунийлигини исботласа, у ўзини сиёсий таъқиб қурбони сифатида кўрсатиши керак бўлиши мумкин.
“Олимовнинг "Анорбанк"и оғир кунларни бошидан кечирмоқда: унинг юзлаб мижозлари ҳисоблари бўшатилганини пайқаб, ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилишган, натижада жиноий иш қўзғатилган. Текширув натижасида аниқланишича, Анорбанк Ўзбекистон қонунчилигида тақиқланган онлайн казиноларга пул ўтказиб юборган. Айни вақтда Олимовнинг яқин шериги, унинг тузилмаларида муҳим лавозимларни эгаллаган Бахтиёр Амзаев акциядорлик жамияти иштирокчиларидан миллиардлаб рубль ўғирлаш билан боғлиқ жиноий иш бўйича ҳибсга олинди.
Бундай шароитда Олимов ўзини "Ўзбекистон ҳукуматига яқин" шахс қурбони сифатида кўрсатиш ва шу асосда Европадан сиёсий бошпана олиш айни муддаодир”.


