АОКАда ўтказилган брифингда Олий суд ахборот хизмати раҳбари Азиз Обидов судлар амалиётида қарз ундириш билан боғлиқ ишлар сони йил сайин ортиб бораётганини айтиб ўтди.
Хусусан, 2020 йилда фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан қарз ундириш билан боғлиқ жами 11 105 та иш кўрилган бўлса, бу кўрсаткич 2021 йилда 26 066 тани, 2022 йилда эса 29 796 тани ташкил этган.
Фуқаролик кодексининг 732-моддасига кўра, қарз шартномаси ҳам мажбуриятнинг бир тури бўлиб, фуқаролик муомаласида кенг тарқалган ҳуқуқий институтлардан бири ҳисобланади.
Қарз шартномасига асосан бир тараф – қарз берувчи иккинчи тараф – қарз олувчига пул ёки ашёларни мулк қилиб беради. Қарз олувчи эса, қарз берувчига бир йўла ёки бўлиб-бўлиб, ўшанча пулни ёки қарзга олинган ашёларни қайтариб бериш мажбуриятини олади.
Агар қарз шартномасида қарз бўйича фоизларни қарзнинг ўзини қайтариш муддатидан олдин тўлаш назарда тутилган бўлса, бу мажбурият бузилган тақдирда, қарз берувчи қарз олувчидан қарз суммасини тегишли фоизлари билан бирга муддатидан олдин қайтаришни талаб қилишга ҳақли.
Агар қарз шартномаси:
• алдаш;
• зўрлик ишлатиш;
• таҳдид қилиш;
• қарз олувчининг вакили қарз берувчи билан ёмон ниятда келишиши;
• ёки қийин вазиятлар таъсирида тузилган ҳолларда тарафлар ёки манфаатдор шахслар, гувоҳларнинг кўрсатмалари асосида ҳақиқий ҳолатни тасдиқлаши мумкин бўлади.


