Ҳайдовчилик гувоҳномаларини сохталаштириш билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан Давлат хизматлари маркази айрим ходимлари ва бошқа шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, ҳозирда ушбу иш доирасида Бош прокуратура томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.
Тергов жараёнида Тошкент шаҳри ҳамда Сурхондарё, Самарқанд, Сирдарё, Наманган, Навоий, Андижон ва Қашқадарё вилоятларида 1 200 нафардан ортиқ фуқарога сохта ҳайдовчилик гувоҳномалари расмийлаштириб берилгани аниқланган.
Берилган сохта “права”лар натижасида транспорт ҳодисалари кўпайиб, инсонлар ногирон бўлиб қолиши ва ҳаётдан кўз юмишига сабаб бўлмоқда. Ўрганишлар шуни кўрсатдики, сохта гувоҳнома олган фуқароларнинг 455 нафари жами 1 305 маротаба йўл ҳаракати қоидаларини бузган. Шунингдек, 9 нафар шахс йўл-транспорт ҳодисаси содир этган бўлиб, оқибатда 6 нафар фуқаро тан жароҳати олган, 3 нафар фуқаро эса вафот этган.
Жиноят ишининг кенг қамровлилиги ва мураккаблигини инобатга олиб, Бош прокуратурада махсус тергов-тезкор гуруҳи ташкил этилди.
Ҳозирда сохта ҳайдовчилик гувоҳномалари ҳамда уларни расмийлаштиришга асос бўлган барча ҳужжатлар тўлиқ текширилмоқда, тергов ҳаракатлари белгиланган тартибда давом эттирилмоқда.
Бош прокуратура фуқароларга ҳайдовчилик гувоҳномасини фақат қонунчиликда белгиланган тартибда расмийлаштириш зарурлигини эслатади. Сохта ҳужжатлардан фойдаланиш қонун билан қатъиян тақиқланади ва белгиланган тартибда жавобгарликка сабаб бўлади.


