Мисрда миграция назорати кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистоннинг ушбу мамлакатдаги элчихонаси у ерда истиқомат қилаётган ватандошларига расмий мурожаат билан чиқди.
Дипломатик ваколатхона маълумотига кўра, сўнгги вақтларда Ўзбекистон фуқароларининг маҳаллий ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан ушлаб турилиши юзасидан мурожаатлар сони ошган. Мазкур ҳолатлар бўйича Мисрнинг тегишли идоралари билан доимий мулоқот олиб борилмоқда.
Элчихона қайд этишича, Қоҳира шаҳри ҳамда бошқа йирик аҳоли пунктларида хорижий фуқароларнинг иммиграция қонунчилиги ва жамоат тартибига риоя этиши устидан назорат кучайтирилган. Амалдаги ҳужжатларга эга бўлмаган, мамлакатда ноқонуний бўлиб турган ёки жамоат тартибини бузган шахсларга нисбатан маъмурий чоралар, жумладан, депортация қўлланилиши мумкин.
Салбий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида элчихона Мисрда бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларига маҳаллий қонунчилик талабларига қатъий амал қилиш, шахсни тасдиқловчи ҳужжатларни доимо ўзида олиб юриш, амал қилаётган виза ёки вақтинчалик/доимий яшаш рухсатномасига эга бўлиш, тегишли рухсатсиз меҳнат фаолияти билан шуғулланмаслик ҳамда виза ва яшаш ҳужжатларини белгиланган муддатларда янгилаб боришни тавсия этди.


