13-февраль куни Президент Шавкат Мирзиёев тармоқ ва ҳудудларда юқори иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлаш бўйича йиғилишда пойабзал ишлаб чиқариш саноати билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилди.
Йиғилишда пойабзал ишлаб чиқаришда мода ва дизайн тез ўзгаргани, корхоналар ҳозирдан замон талабига мос ишламаса, нафақат ички, балки ташқи бозорда ҳам рақобат қила олмаслиги таъкидланди.
Шу билан бирга, “Ўзчармсаноат” уюшмаси раҳбарияти соҳага янгилик олиб кирмагани ва ишлаб чиқаришни самарали ташкил этмаганлиги танқид қилинди.
Маълумотларга кўра, пойабзал ишлаб чиқарадиган 972 та корхонанинг 378 таси фаолиятини тўхтатган, яна 120 таси қувватини ярмидан ҳам кам ишлатмоқда. Қолип, боғич ва фурнитура бўйича ҳали ҳам импортга боғлиқлик мавжуд.
Натижада, ўтган йили экспорт бўйича ваъда қилинган 250 миллион доллар маблағнинг 40 фоизи таъминланмаган, уюшманинг жорий йилги ишлаб чиқариш ва экспорт режаси ҳам қониқарсиз деб топилди.
Шу муносабат билан Президент “Ўзчармсаноат” уюшмаси раиси А.Султоновни лавозимидан озод этишга кўрсатма берди.


