Ўзгидромет 21 январ куни республика ҳудудида об-ҳаво шароити ўзгариши ва айрим ҳудудларда кучли шамоллар кузатилиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.
Маълум қилинишича, кундузи Ўзбекистоннинг айрим ҳудудларида ёмғир ёғиши, баъзи жойларда эса ёғингарчилик қорга айланиши мумкин. Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда Фарғона водийси вилоятларида ёғингарчилик кутилмайди. Айрим ҳудудларда туман тушиши эҳтимоли мавжуд.
Шамолнинг ўртача тезлиги 7–12 м/с бўлиб, Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро, Навоий, Тошкент, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида айрим жойларда 13–18 м/с гача кучайиши мумкин.
Ҳаво ҳарорати кундузи республика бўйича 5–10 даража илиқ, мамлакатнинг шимолий ҳудудларида эса 0–5 даража совуқ бўлиши кутилмоқда.
Тошкент шаҳрида кундузи ёғингарчилик кутилмайди, фақат кечқурун қисқа муддатли ёмғир ёки қор ёғиши мумкин. Шамол тезлиги 3–8 м/с, ҳаво ҳарорати 7–9 даража илиқ бўлади.
Тоғли ҳудудларда айрим жойларда қор ёғиши ва туман тушиши эҳтимоли бор. Қор кўчиши хавфи сақланиб қолмоқда, йўлларнинг айрим қисмларида яхмалак кузатилиши мумкин. Ушбу ҳудудларда шамол тезлиги 9–14 м/с ни ташкил этади.
Ўзгидромет фуқароларни эҳтиёткор бўлишга, айниқса кучли шамол ҳамда тоғли ҳудудлардаги хавфли ҳолатларни инобатга олишга чақирди.


