“Ўзгидромет” мутахассислари расмий ва хусусий ҳаво сифати датчиклари маълумотлари ўртасида кузатилаётган сезиларли тафовутлар сабабларини тушунтирди.
Таъкидланишича, кўплаб компаниялар ва фуқаролар томонидан ўрнатилган хусусий ўлчов ускуналари амалдаги стандарт ва техник талабларга мувофиқ жойлаштирилмаган. Натижада, улардан олинаётган кўрсаткичлар нотўғри бўлиши, атмосферанинг реал ҳолати ҳақида объектив тасаввур шакллантиришга салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Аҳолига тақдим этилаётган маълумотлар сифати пасайиб кетаётганини инобатга олган ҳолда, сенсор эгаларига ускуналарни тўғри жойлаштириш ва ишлатиш борасида зарур тавсиялар берилди.
Шу муносабат билан, датчик ўрнатишни режалаштираётганлар ёки ўрнатиш қоидаларини батафсил ўрганмоқчи бўлганлар учун “Очиқ эшиклар куни” ташкил этилади.
Тадбир давомида агентлик ходимлари барча саволларга атрофлича жавоб беради.
Шунингдек, эътиборга моликки, расмий “Air Tashkent” тизими фақат “Ўзгидромет”нинг сертификатланган станциялари маълумотлари асосида ишлайди. Шу сабабли, ушбу кўрсаткичлар халқаро IQAir каби хусусий платформалар тақдим этадиган натижалардан фарқ қилиши мумкин.


