1. Бош саҳифа
  2.  / 
  3. Ўзбекистон

"Ўзтест" маркази тугатилади

Сертификатлаш тизими халқаро стандартларга мослаштирилиб, мажбурий сертификатлаш босқичма-босқич бекор қилинади.

"Ўзтест" маркази тугатилади

 

 

Ўзбекистонда техник тартибга солиш ва сертификатлаш тизимини ислоҳ қилиш доирасида «Ўзтест» маркази тугатилади, Аккредитация маркази эса Вазирлар Маҳкамаси бўйсунувига ўтказилади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев 12 февраль куни соҳага оид тақдимот билан танишув жараёнида маълум қилинди.

 

Янги тартибга кўра, Аккредитация маркази энди алоҳида агентлик буйруқларига эмас, балки фақат халқаро стандартларга асосланиб фаолият юритади. Бу эса сертификатлаш тизимининг мустақиллигини таъминлаш ва тадбиркорларнинг давлат идораларига қарамлигини камайтиришга хизмат қилади.

 

Шунингдек, янги тизимда талабга жавоб бермайдиган маҳсулот аниқланганда, тадбиркорнинг бутун фаолияти эмас, айнан ўша маҳсулотнинг муомаласи чекланади. Бу ёндашув ривожланган давлатлар тажрибасига мос бўлиб, адолатли рақобат муҳитини шакллантиришга қаратилган.

 

Сўнгги тўрт йилда Ўзбекистонда миллий стандартларнинг қарийб ярми халқаро талабларга мослаштирилди. Аккредитация тизими эса 185 та давлат орасида 29-ўринни эгаллади. Маҳаллий лабораториялар натижалари Германия, Корея ва Япония каби 37 та давлат томонидан тан олинмоқда.

 

Ислоҳотлар доирасида хавфи юқори бўлган 156 турдаги маҳсулотни мажбурий давлат рўйхатидан ўтказиш бекор қилинди, мажбурий сертификатлаш талаб қилинадиган маҳсулотлар рўйхати эса 27 фоизга қисқартирилди. Эндиликда сертификатлаш тизимини соддалаштириш, ортиқча бюрократияни камайтириш ва коррупция хавфини чеклаш мақсадида хавф-таҳлилга асосланган баҳолаш тизими жорий этилади.

 

Бундан ташқари, эскирган стандартларни бекор қилиш ва тўлиқ халқаро стандартларга ўтиш режалаштирилган. Ҳозир мавжуд 33 мингдан ортиқ стандартнинг ярми замонавий талабларга мос эмас. Шу сабабли айрим техник регламентлар бекор қилинади, минглаб янги халқаро стандартлар босқичма-босқич жорий этилади.

 

Ислоҳотлар натижасида синов ва сертификатлаш хизматларини хусусий секторга ўтказиш ҳам кўзда тутилган. Ҳозирда мамлакатда 207 та синов лабораторияси ва 73 та сертификатлаш ташкилоти фаолият юритмоқда. Келгусида «Интертек», «СГС», «Буреау Веритас» ва «ТÜВ» каби йирик халқаро компанияларни жалб қилиш режалаштирилган.

 

Мазкур ўзгаришлар маҳсулотлар сифатини ошириш, халқаро савдо талабларига мослашиш ва Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига қўшилиш жараёнини тезлаштиришга хизмат қилиши кутилмоқда.

Категориялар

Боғланиш учун

+998 (71) 207-21-28

Электрон манзил:

info@zamon.uz

Шаҳодатнома

№1346 Берилган сана: 28.05.2020

Асосчиси

ООО Master Media Production and Broadcast

Таҳририят манзили

Tошкент ш., Амир Темур шоҳ кўчаси, 53 уй

Яндекс.Метрика