1. Бош саҳифа
  2.  / 
  3. Жаҳон

Пандемия қайси соҳаларга катта фойда келтирди?

Uinston Cherchill “ҳар қандай инқироз–бу янги имконятлардир”, - деган эди. Буни COVID-19 пандемияси яна бир карра исботлади.

Пандемия қайси соҳаларга катта фойда келтирди?

 

 

Пандемия, бир томондан, жаҳон иқтисодиётига кучли зарба берган бўлса, иккинчи тарафдан, баъзи соҳалар учун катта имкониятлар эшигини очди. Айрим компаниялар учун бу том маънода “олтин аср”ни бошлаб берди. 2020 йилда технология, соғлиқни сақлаш ва бошқа тармоқларда янги миллиардерлар пайдо бўлди. Қуйида 2020 йилда пандемия туфайли катта даромад кўрган компания  ва соҳалар ҳақида сўз юритамиз.

 

Фармацевтика корхоналари

 

Коронавируснинг кенг  тарқалиши, энг аввало, дори-дармон ва шахсий ҳимоя воситаларига талабни кескин ошириб юборди. Шу боис  баъзи дори воситалари ва тиббий буюмлар таъминотида танқислик юзага келди. Масалан, 2020 йил март-апрель ойларида глобал миқёсда тиббий ниқоблар тақчиллиги кузатилди.

 

Баъзи давлатлар бундан  катта даромад кўрди. Хусусан, Хитой 2020 йил бутун дунёга 88.1 миллиард долларлик шахсий ҳимоя воситалариекспорт қилди.

 

Вакциналар ишлаб чиқариш бошлангач фармацевтика компаниялари акциялари нархи кескин ўсди.  Масалан, Moderna акциялари 2020 йилда 550 фоизга, BionTech'ники эса пандемия даврида 160 фоизга ошди. 2020йилда дунё миқёсида соғлиқни сақлаш соҳасида 50 нафар янги миллиардер пайдо бўлди.

 

Улардан бири Сержио Стеванато. У Италиянинг “Stevanato Group” компанияси бошлиғи бўлиб, шиша флаконлар ишлаб чиқаради. Форбес маълумотларига кўра, компания маҳсулотлари 40дан ортиқ вакциналар учун фойдаланилади. Стеванто бойлиги бир йил ичида 1.8 миллиард долларга етди.

 

Технологик гигантлар

 

IT ва технологик корпорациялар капитали ҳам пандемия даврида кескин ўсди. Масофавий иш ва таълимнинг оммавий жорий этилиши соҳага катта фойда келтирди.

 

Масалан, Zoom платформаси онлайн таълим ва ишда энг кўп ишлатилган дастур бўлди. Ушбу дастур 2020 йилнинг январида атиги  90 минг марта юкланган бўлса, 11 мартда бир кун ичида 343 минг янги фойдаланувчига эга бўлди. Апрель ойидаэса илова 160 миллион марта юкланган.  Масофавий таълим учун Зоом энг муҳим воситага айланди. Копмания асосчиси Эрик Юаньнинг бойлиги 6 миллиард доллардан ошди.

 

Карантин туфайли кўнгилочар объектлар фаолияти тўхтатилди. Шундан кейин онлайн кинотеатр ва кўнгилочар дастурларга талаб ошиб кетди. Масалан, Netflix обуначилари 2020 йилнинг  биринчи чорагида 183 миллионга етди. Бир йил, яъни 2020 йил давомида эса 15.77 миллион янги фойдаланувчи қўшилди.

 

Етказиб бериш хизмати

 

Пандемия туфайли етказиб бериш хизмати ҳам кескин ривожланди. Кафе ва ресторанлар ёпилиши, кўчаларда ҳаракатнинг кескин чегаралаб қўйилиши маҳсулотларни уйга етказиб беришга эҳтиёжини оширди. Курьерлик хизматини яхши йўлга қўйган овқатланиш шохобчалари инқироздан кам талафот кўрди.

 

2020 йилда етказиб бериш хизмати бозори 4 баравар ўсди. Бундан кўплаб компаниялар катта фойда кўрди. Масалан, Хитойнинг  Meituan компанияси контактсиз курьерлик хизматини жорий қилиб,  учувчисиз қурилмалардан кенг фойдаланди. Натижада миллиардлаб доллар  фойда олиб, умумий капитали 200 миллиард доллардан ошиб кетди.

 

Шунингдек, АҚШнинг  Manna, Starship Technologies вNuro компаниялари ҳам инновацион технологиялар –– робот ва сунъий интеллектни жорий қилди.

 

Пандемия қийинчиликлар билан бирга, янги форматда бизнес юритишга имкон берди. Рўй берган ўзгаришлар иқтисодиётда фан-техника ютуқларини кенг қўллаш имконини бермоқда.

 

 

 

Жаҳонгир Қўзиев

Категориялар

Боғланиш учун

+998 (71) 207-21-28

Электрон манзил:

info@zamon.uz

Шаҳодатнома

№1346 Берилган сана: 28.05.2020

Асосчиси

ООО Master Media Production and Broadcast

Таҳририят манзили

Tошкент ш., Амир Темур шоҳ кўчаси, 53 уй

Яндекс.Метрика