Си Цзинпинь Путинни “энг яхши дўст” деб атаганига қарамай, Хитой БМТда Россиянинг Украинадаги ҳужумини қораловчи резолюцияда Москва тарафидa турмади. Аммо шу билан бирга Москвага қарши давлатлар рўйхатида ҳам Пекин номи йўқ. Хитой қандай манфаатларни кўзламоқда? Россия Ғарбнинг қаттиқ санкцияларининг ортидан вужудга келган бўшлиқни Шарқдаги қўшниси билан қалин алоқалар орқали толдира оладими? BBC сиёсатшунослар ва иқтисодчилар билан шу масалада суҳбат уюштирди. Биргаликда Ғарбга қарши? Ушбу ҳафтада БМТ бош ассамблеясида Россиянинг Украинага босқинини қораловчи резолюция қабул қилинди. Ҳужжатда Москвадан ушбу ҳарбий операцияни дарҳол тўхтатиш тўғрисида талаб бор эди. “Хитой қатъий қаршилик кўрсатмади, бу эса Россияни яққол қўллаб-қувватлаш сифатида баҳоланди. Шу билан бирга у Москвани қўллаб-қувватлагани йўқ. Фикримча, Хитой яқин истиқболда вазиятнинг барча хавфлари ва имкониятларини тарозига солади ҳамда максимал даражада ушбу масалада стратегик ноаниқликни сақлаб қолишга ҳаракат қилади”, – деган хитойшунос Леонид Ковачич. Расмий вакилларнинг босиқ реакциясига қарамай, Хитой ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларида Владимир Путиннинг сўнгги чиқишлари катта таассурот қолдирди. Унинг нутқида хитойликлар энг муҳим нуқтани топишди: “махсус операция” – бу Ғарбга қарши кураш. Путиннинг таржима билан берилган чиқиши “вирусли” видеога айланди. Хитойнинг Twitter аналоги Weibo’да эса #putin10000wordsspeechfulltext (яъни, Путин нутқининг тўлиқ матни) хештегли видео 24 соатда миллиард мартадан ортиқ кўрилди. Ғарбликлар ҳарбий амалиётни қоралаётган бир пайтда, хитойлик интернет фойдаланувчилари Россия президенти ва махсус операцияни олқишлади. Хитой ҳукумати ўзини бир мунча эҳтиёткорлик билан тутди - у ҳодисани “босқин” сифатида атамади ва Москва ҳаракатларига салбий баҳо бермади. Аммо уни очиқча қўллагани ҳам йўқ. Масалан, уруш бошланган куни Хитой ТИВ расмий вакили Хуа Чуинь ўзининг ҳар кунлик брифингида асосан АҚШни “блокларни ташкил этиш ва мафкура асосида бўлинишга қаратилган” сиёсатини танқид қилди. Шу билан бирга у Пекин ва Москва масъулият билан ҳаракат қилаётганини, халқаро хавфсизлик ва барқарорликни қўллаб-қувватлаётганини қайд этди. Хитой ушбу операцияни босқин деб ҳисоблайдими, деган саволга дипломат тўғридан-тўғри жавоб бермади. “Хитой бир томондан, Россия билан стратегик ҳамкорликни сақлаб қолиш, ҳаттоки кенгайтиришга интилмоқда. Иккинчи томондан эса, у Москвага жуда яқинлашиб кетмаслиги керак. Бу Пекиннинг ўзига Ғарб томондан санкциялар жорий этиш хавфини вужудга келтиради”, – дейди америкалик эксперт Брэдли Жардин. Путин қандай қилиб карталарни чалкаштириб ташлади? Хитой қийин вазиятда қолди. Бир томондан, Пекин дунёда барқарор ва очиқ вазият бўлишидан манфаатдор – у бундай шароитда қандай яшашни ва қудратини оширишни яхши билади. Шу томондан олиб қараганда, Украина томони билан ҳам савдо алоқаларига эга хитойликларга бу ҳолат ҳеч қандай манфаат олиб келмайди. Аммо Бредли Жардиннинг фикрича, бошқа тарафдан, Хитойни Россия таклиф қилаётган кўп қутбли дунё модели ва Ғарбни заифлаштириш концепцияси илҳомлантиради. Бундан ташқари, Москва билан ҳамкорлик унга АҚШ ва Европани мувозанатга солиб туришга имкон беради. Аммо бу ерда ҳам ҳаммаси биз ўйлаганчалик оддий эмас: рус армияси босқини Ғарб давлатларининг ўзига хос бирлигига олиб келди. Бу еса Пекинга ноқулайликлар туғдиради. Айрим Ғарб экспертлари бошқа нарсадан: Хитойда Украина ва Тайвань параллели вужудга келишидан ва уни куч ишлатишга ундашидан хавотир билдирмоқда. Аммо бу ерда Германия мисоли тийиб турувчи фактор бўлиши мумкин: “Шимолий оқим-2” лойиҳасидан манфаатдор бўлса-да, Россияга қарши санкцияларга қўшилди. Украина Хитойга Европа рус газига муҳтож бўлишига қарамай, ягона фронтга айланишини ва қатъий чекловлар жорий этилишини кўрсатиб берди. “Хитой жуда қийин вазиятда қолди: биринчидан, у Россия билан иқтисодий ва сиёсий ҳамкорликдан манфаатдор. Иккинчидан, Украина билан ҳамкорлик ҳам фойдали. Учинчидан, Пекин учун Евроиттифоқ билан муносабатлар инқирозга учрамаслиги муҳим”, – дейди Леонид Ковачич. Лондон қироллик коллежи профессори Керри Брауннинг сўзларига кўра, Хитой тарихан очиқ баёнотлардан кўра, “саҳна орти” ишларини маъқул кўради. У ҳозирда бу каби музокаралар олиб борилмаётган бўлса-да, у исталган пайтда бошланиши мумкинлигини айтган. “Aммо Хитойни баландроқ ва аниқроқ гапиришга мажбур қиладиган бошқа ҳодисалар ҳам юз бериши мумкин. Бундан ташқари, ҳозирда ядро таҳдиди ҳақида гап тарқалди – Запорожье АЭСдаги ҳодисани эсланг. Фикримча, Пекин учун Россия ҳаракатлари - нотўғри йўналишдаги иш”, деган Керри Браун. Жаҳонгир Қўзиев