Бугун, 25 май куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини манзилли қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни имзолади.
Мазкур қарорга кўра, қуйидаги шахсларга бир марталик ёрдам берилади:
➖ ёшга доир, ногиронлик пенсияси ва нафақасини олувчиларга, болаликдан ногиронлик нафақасини ҳамда боқувчисини йўқотганлик пенсиясини ва нафақасини олувчи ҳар бир оила аъзосига ҳамда ўзгалар парваришига муҳтож ногиронлиги бўлган 18 ёшгача болаларнинг парваришлаш нафақасини олувчиларга (Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда – 300 минг сўмдан, Тошкент шаҳрида – 400 минг сўмдан).
➖ “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими орқали кам таъминланган сифатида моддий ёрдам олувчи оилаларга ҳамда кам таъминланган сифатида болалар нафақасини олувчи оилаларнинг ҳар бир 18 ёшга тўлмаган боласига – 200 минг сўмдан.
Қайд этилишича, бир нечта тоифа бўйича бир марталик моддий ёрдам олиш ҳуқуқига эга бўлган шахсларга бир марталик моддий ёрдам ҳар бир тоифа бўйича тўлаб берилади.
Шунингдек, қарорда бир марталик ёрдам тўловлари икки ҳафта муддатда тўлиқ тўлаб берилиши кўрсатиб ўтилган.


