АҚШнинг Аризона штатида яшовчи фуқаро пневмоник вабо туфайли вафот этди. Бу 2007-йилдан бери ушбу касалликдан қайд этилган илк ўлим ҳолатидир. Бу ҳақда Oxu.Az хабар берди.
Коконино округи соғлиқни сақлаш бошқармаси расмийларига кўра, марҳумда лаборатория текширувлари натижасида Yersinia pestis бактерияси аниқланган — айнан шу микроорганизмлар пневмоник вабо касаллигини келтириб чиқаради.
"Пневмоник вабо — бу ўткир ва ҳалокатли респиратор инфекцияларнинг бири бўлиб, беморлар орасида тез юқиши билан хавфли саналади", — дейилади бошқарма баёнотида.
Мутасаддилар марҳумнинг шахсини ошкор қилмаган. Таъкидланишича, пневмоник вабо вабонинг энг оғир ва кам учрайдиган тури ҳисобланади, у нафас йўлларига бевосита таъсир кўрсатади ҳамда юқори даражада юқумли.


