Покистон армияси баёнотида айтилишича, афғон чегарачилари Чамандаги тинч аҳолига қарата ўзбошимчалик ва мақсадсиз оғир қуроллардан ўқ узган.
Покистон чегарачилари бу босқинчилик ҳаракатига жавоб берди. Бунинг оқибатида 6 нафар тинч аҳоли ҳалок бўлган, 17 нафари яраланган.
Баёнотда қўшимча қилинишича, Покистон Афғонистон ҳукуматини минтақадаги вазиятнинг жиддийлигидан хабардор қилган ва келажакда шу каби ҳодисаларнинг олдини олиш учун кескин чоралар кўришни талаб қилган.
Афғонистон Қандаҳор полиция департаменти матбуот котиби Ҳожи Жума Гул Нурзий матбуотга берган интервьюсида, Покистон ҳарбийлари чегарадаги Широ Оба қишлоғида "Толибон"нинг полиция бўлими қуришини тўхтатмоқчи бўлганини айтди. Томонлар ўртасида можаро келиб чиққан.
Нурзийнинг айтишича, дастлабки маълумотларга кўра, 1 нафар "Толибон" вакили ҳалок бўлган, 6 нафари яраланган.
"Толибон" расмийларига кўра, ҳодиса оқибатида 3 нафар тинч аҳоли жароҳатланган.


