Покистон оммавий ахборот воситалари тарқатган хабарга кўра, февраль ойига режалаштирилган ташриф чоғида Шаҳбоз Шариф Ўзбекистонга транзит савдоси учун Карачи портидан фойдаланишни таклиф қилиши кутилмоқда.
Жорий йил февраль ойининг учинчи ҳафтасида Покистон бош вазири Шаҳбоз Шариф Озарбайжон ва Ўзбекистонга ташриф буюриши кутилмоқда. Бу ҳақида "The News International" нашри хабар бермоқда.
"Покистон ўзининг "Vision Central Asia" сиёсатига мувофиқ Марказий Осиё давлатлари ҳамда Кавказнинг муҳим давлатлари билан алоқаларни кучайтирмоқда", — дейилади хабарда.
Маълумотларга кўра, Шаҳбоз Шариф икки кунлик ташрифи давомида Ўзбекистонга транзит савдоси учун Карачи портидан фойдаланишни таклиф қилади, шунингдек, муҳим савдо шартномаларини имзолайди. Унга мамлакат ташқи ишлар вазири Муҳаммад Ишоқ Дар, бир қанча вазирлар ҳамда бизнес доира вакиллари ҳамроҳлик қилади.


