Кашмирда сайёҳларга уюштирилган қуролли ҳужум ортидан Покистон бўйлаб Ҳиндистоннинг ҳаракатларига қарши норозилик намойишлари авж олди. Мамлакатнинг йирик шаҳарлари, жумладан, Лаҳор, Исломобод ва Карачи кўчаларида минглаб одамлар тўпланиб, Ҳиндистонга қарши шиорлар билан чиқиш қилмоқда.
Намойишчилар Ҳиндистон томонидан келаётган хавф ва босимларга қарши ҳукуматдан кескин чора кўришни талаб қилмоқда. Улар, шунингдек, Кашмир масаласида қатъий позиция эгаллаш, халқаро ҳамжамиятни зудлик билан аралашишга чақириш каби талабларни илгари суришмоқда.
Маҳаллий ОАВ хабарига кўра, норозилик акциялари тинч ўтмоқда, аммо хавфсизлик кучлари юқори тайёргарлик ҳолатида. Ҳозирча ҳукумат томонидан расмий баёнот берилмаган.


