Покистон пойтахти Исломобод чеккасида жойлашган масжидда жума намози вақтида юз берган кучли портлаш оқибатида камида 31 киши ҳалок бўлди, яна 169 нафардан ортиқ одам жароҳат олди. Расмийлар воқеа террорчи томонидан содир этилган бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқда. Бу ҳақда The Guardian нашри хабар бермоқда.
Портлаш Кҳадижа ал-Кубра номли шиа масжидида содир бўлган. Гувоҳларнинг айтишича, кучли портлашдан сўнг масжид ичида ваҳима юзага келган, кўплаб одамлар жароҳатланган ва ёрдам сўраб қичқирган. Қутқарувчилар воқеа жойига зудлик билан етиб келиб, жабрланганларни яқин атрофдаги шифохоналарга етказган. Айрим жароҳатланганларнинг аҳволи оғир экани сабабли қурбонлар сони ортиши мумкинлиги айтилмоқда.
Ҳозирча ҳужум учун жавобгарликни ҳеч бир гуруҳ ўз зиммасига олмади, бироқ расмийлар бу каби ҳужумлар ортида кўпинча экстремистик гуруҳлар, жумладан, «Толибон» ёки “Исломий давлат”га алоқадор кучлар бўлиши мумкинлигини билдирмоқда. Покистонда сўнгги ойларда террорчилик билан боғлиқ ҳужумлар сони ортгани қайд этилмоқда.
Покистон президенти Осиф Али Зардари ва бош вазири Шаҳбоз Шариф ҳужумни кескин қоралаб, ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдирди. Ҳукумат жароҳатланганларга зарур тиббий ёрдам кўрсатиш ва воқеа юзасидан тўлиқ тергов ўтказиш бўйича топшириқ берди.


