Покистонлик журналист ва ёзувчи Муҳаммад Аббос Хоннинг “Ўзбекистон: Учинчи Ренессанс — тараққиёт консепти” номли китоби тақдимоти ўтказилди. Тадбирда Покистон Республикаси расмийлари, сиёсий экспертлар, илм-фан намояндалари, ёзувчилар, ёшлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Китоб илк бор 2025 йилда урду тилида чоп этилган бўлиб, унда Президент Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган Учинчи Ренессанс ғоясининг замиридаги маърифат, бунёдкорлик, тинчлик ва мулоқот қадриятлари чуқур таҳлил қилинган. Муаллиф Муҳаммад Аббос Хон — Покистоннинг “Daily ITTEHAD” газетаси Ўзбекистон ва Марказий Осиё бўйича махсус мухбири.
Асарга Покистон Бош вазири Муҳаммад Шаҳбоз Шариф томонидан ёзилган сўзбоши ҳам киритилган. Унда Учинчи Ренессанс ташаббуси Шарқ маънавий мероси ва умуминсоний тараққиёт учун улкан аҳамият касб этиши, Ўзбекистон тажрибаси бошқа давлатлар, хусусан Покистон учун ҳам илҳом манбаи бўлиб хизмат қилиши таъкидланган.

Тақдимот давомида китобнинг мазмун-моҳияти, унда келтирилган тарихий далиллар, Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Хайрли иш яхши ниятдан бошланади” деган ғояси замиридаги инсонпарварлик концепцияси ҳақида сўз юритилди. Муаллифнинг фикрича, Учинчи Ренессанс — замонга бўйсунмайдиган абадий ғоя бўлиб, келажакнинг уйғун ва самарали моделини шакллантиришга хизмат қилади.

Тадбир иштирокчилари китобнинг нафақат давлатлар ўртасидаги ўзаро англашувга, балки Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларни чуқурроқ тушунишга ёрдам беришини таъкидладилар. Шунингдек, асар Покистон, Европа ва бошқа мамлакатларда ҳам юқори баҳоланаётгани қайд этилди.
Тақдимот Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Ўзбекистоннинг Исломободдаги элчихонаси, Республика маънавият ва маърифат маркази, Ёзувчилар уюшмаси, Ёшлар ишлари агентлиги, Фанлар академияси, Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, Макҳаллалар уюшмаси, Янги Ўзбекистон тараққиёти тадқиқотлари институти, Барқарор ривожланиш маркази ҳамда Покистоннинг Тошкентдаги элчихонаси ва “Daily ITTEHAD” медиа-корпорацияси ҳамкорлигида ташкил этилди.


