Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти мутахассислари томонидан Тошкент шаҳрида кўп қаватли уй-жойларга инвестицияларнинг даромадлилиги ўрганилди.
Айни вақтда Тошкент шаҳрида уй-жойга инвестицияларнинг даромадлилиги тушиб бормоқда. Хусусан, жорий йилнинг январ ойида пойтахтда кўп қаватли уй-жойларга инвестицияларнинг даромадлилиги 2024 йилнинг февраль ойидаги ўртача 32,4%дан 7,6%гача секинлашди.
Мазкур даврда кўп қаватли уй-жойга инвестицияларнинг даромадлилиги жойлашган ҳудуди ва хоналари сонига кўра бир-биридан сезиларли даражада фарқланади.
2024 йил февраль ойида уй-жой ва ижара нархларининг нисбатан кўтарилиши (тушиши) ҳисобига олиниши мумкин бўлган фойда Яккасарой, Бектемир ва Чилонзор туманларида мос равишда ўртача 16,1%ни, 26,9%ни ва 15,4%ни ташкил этган бўлса, 2025 йил январ ойида ушбу кўрсаткичлар 3,0%, 2,8% ва 0,3%гача пасайди. Шунингдек, Тошкент шаҳрида уй-жойлар нархининг ўсишдан деярли тўхташи ва бироз арзонлашиши натижасида жорий йилнинг январ ойида уй-жойлар нархи ўзгаришидан олинадиган ўртача даромад Шайхонтоҳур (35,8 %дан -0,8 %га) ва Юнусобод (30,4 %дан -3,4 %га) туманларида сезиларли даражада пасайгани кузатилди.
Жорий йилнинг январ ойида уй-жойлар ижарасидан олинадиган йиллик ўртача даромад Миробод туманида 10,0%ни (2024 йил февраль ойида – 10,4%), Мирзо Улуғбек туманида 9,9%ни (10,6%), Шайхонтоҳур туманида 9,8%ни (11,6 %) ташкил этди. Ушбу кўрсаткич ижара нархлари нисбатан арзонроқ бўлган туманлар – Олмазорда 8,9%ни (9,4%), Учтепада 8,9%ни (8,6%) ва Сергелида 8,9%ни (8,4 %) ташкил қилди.


