Сўнгги йилларда Тошкент шаҳрида йўл-транспорт инфратузилмасини модернизация қилиш, хавфсиз ва қулай шаҳар муҳитини яратиш бўйича қатор лойиҳалар амалга оширилди. Жумладан, пойтахт ҳокимлиги қарори асосида 14 мингга яқин пулли автомобиль тўхташ жойлари ташкил этилди. Ушбу тизим транспорт тартибини яхшилашда муҳим бўлсада, жамоатчилик орасида белгиланган тарифлар юзасидан мунозаралар кучаймоқда.
Аҳолининг кўпчилик қисмида тўхташ жойларидан фойдаланиш учун соатига 12 минг сўм миқдорида белгиланган тўловнинг юқорилиги, тушаётган маблағлар бўйича очиқлик етишмаётгани борасида саволлар пайдо бўлмоқда. Айниқса, марказий ҳудудларда 8 соат давомида тўхтовсиз ишлайдиган фуқаролар учун кунлик 100 минг сўмлик тўлов юк бўлаётгани, бу эса ойлик харажатларни сезиларли ошираётгани таъкидланмоқда.
Қўшни давлатлар тажрибаси шуни кўрсатадики, пулли тўхташ жойларида нархлар анча паст бўлиб, аҳоли даромадларига мос шакллантирилган. Бу эса мавжуд тарифлар иқтисодий асосланиши ва ижтимоий адолат тамойилларига қай даражада жавоб бераётганига оид саволларни кучайтирмоқда.
Халқ демократик партияси жамоатчилик фикрини ўрганиш асосида қуйидаги таклифларни илгари суради:
1. Тарифларни белгилашда аҳолининг реал даромадлари, ижтимоий ҳимоя даражаси ва кундалик зарур эҳтиёжлари инобатга олиниши шарт.
2. Тўлов миқдорлари иқтисодий жиҳатдан асосланиши, маблағларнинг шаклланиши ва сарфланиши бўйича жамоатчиликка тўлиқ очиқлик таъминланиши зарур.
3. Давлат тиббиёт муассасалари, давлат хизматлари марказлари, “Инсон” марказлари, кутубхоналар ёнидаги тўхташ жойларидан маълум вақт бепул фойдаланиш тартиби жорий этилиши лозим.
4. Савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари, спорт, маданият ва соғлиқни сақлаш масканлари ҳудудидаги тўхташ жойларининг камида 5 фоизи имтиёзли тоифалар учун бепул бўлиши қатъий таъминланиши ва бу улушни ошириш имкониятлари ҳам кўриб чиқилиши керак.
5. Айрим пулли тўхташ жойларининг “тўхташ тақиқланади” белгиси қўйилган ҳудудларда ташкил этилиши қонунчиликка зид ҳолат бўлиб, бу амалиёт дарҳол бартараф этилиши лозим.
Шаҳар транспорт тизимини модернизация қилиш муҳим вазифа бўлсада, у аввало аҳоли манфаатларига хизмат қилиши, ижтимоий адолатга таянган ҳолда ташкил этилиши лозимлиги таъкидланди.


