Президент мактаблари — бу ҳар бир ота-она фарзандини ўқитишни орзу қилган таълим даргоҳи. Бу орзуни амалга ошириш учун истакнинг ўзи кифоя эмас. Ота-онада ҳам, болада ҳам тенг ҳаракат, меҳнат, интилиш бўлсагина кўзланган натижага эришилади.
Президент мактаблари Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимига киритилган. Улардан ташқари агентлик 9 та ижодий ва 166 та ихтисослаштирилган мактабларни назорат қилади.
Ўзбекистонда 14 та президент мактаби – Андижон, Бухоро, Гулистон, Жиззах, Қарши, Навоий, Наманган, Нукус, Нурафшон, Самарқанд, Фарғона, Хива, Термиз ва Тошкентда мавжуд. У ерда ўқувчилар бешинчи синфдан бошлаб қабул қилинади ва бепул ўқитилади.
Йиллик квотага кўра, мактабларнинг ҳар бирига 24 киши кириши мумкин. Президент мактабларида ўқиш истагида бўлганлар йилдан-йилга кўпайиб бормоқда.
Агентлик маълумотларига кўра, мактабда бир ўринга ўртача 75 дан 185 кишигача тўғри келади. Масалан, Тошкентда – 113, Нукусда – 106, Жиззахда – 124, Бухорода – 80, Самарқандда – 186. Жорий йилда 55 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушган.
2022 йилда 14 та Президент мактаблари Халқаро Кембридж ташкилотининг аккредитациясидан муваффақиятли ўтиб, расмий “A Level” имтиҳон марказларига айланган бўлса, 2023 йилда 6 та (Тошкент, Жиззах, Бухоро, Андижон, Хива ва Навоий) ҳудуддаги Президент мактаблари SAT (академик баҳолаш тести) халқаро сертификати имтиҳонларини ўтказадиган расмий марказлари сифатида тан олинди; 2022 йилда (Нукус, Хива, Наманган ва Тошкент шаҳридаги) Президент мактабларини жами 92 нафар ўқувчи битириб, уларнинг 88 нафари хорижий олий таълим муассасаларида ўқиш учун таклиф олган. Улар хорижий олийгоҳларнинг жами 28 млн. доллар миқдорида таълим грантини ютишган;
Президент, ижод, ихтисослаштирилган мактаблар ўқувчилари томонидан 4 йил давомида халқаро олимпиадаларда 88 та олтин, 25 та кумуш , 49 та бронза медаль қўлга киритилди. 2023 йилда Президент мактабларини 326 нафар ўқувчи битириб, барчаси (100%) халқаро тил билиш (IELTS) сертификатини қўлга киритишди. Уларнинг 50 фоизи (168 нафари) халқаро математика ва инглиз тилини билиш даражасини баҳоловчи (SAT) сертификатга эга бўлишди; битирувчиларнинг 84 фоизи (275 нафари) муддатидан олдин нуфузли хорижий олийгоҳларда ўқиш имкониятига эга бўлишди. Битирувчилар хорижий олийгоҳларнинг жами 104,4 млн. доллар миқдорида таълим грантини ютиб олишга муяссар бўлишди. Шундан 5,5 фоизи (18 нафари) тўлиқ грант асосида ўқиш имкониятига эга бўлишди.
Президент мактабларидаги 511 нафар ўқитувчиларнинг 132 нафарини хорижлик педагоглар ташкил этади. 2023 йилда Президент мактабларига хорижий мутахассислар танловини (ёллашни) ташкил этиш ва ўтказиш тартиби такомиллаштирилди. Унга асосан, Президент мактабларидаги ўқитувчилар таркиби 64 нафар хорижлик малакали мутахассислар билан тўлдирилди.


