Ўзбекистон президенти сайловида муддатидан олдин овоз бериш жорий йилнинг 28 июнидан бошланиб, 5 июлда якунланади. Бу ҳақда Марказий сайлов комиссиясининг бўлиб ўтган мажлисида маълум қилинди.
Марказий сайлов комиссияси томонидан Сайлов кодексига биноан муддатидан илгари Ўзбекистон президенти сайлови куни ўз яшаш жойида бўлиш имкониятига эга бўлмаган сайловчилар учун сайлов участкаларида муддатидан олдин овоз бериш ўтказилиши юзасидан қарор қабул қилинди.
Унга кўра, муддатидан олдин овоз бериш 2023 йил 28 июнь куни бошланиб 2023 йил 5 июль куни якунланиши белгиланди ва сайлов участкасида муддатидан олдин овоз бериш вақти иш кунлари соат 9:00 дан соат 18:00 га қадар, дам олиш ва байрам кунлари соат 11:00 дан соат 17:00 га қадар давом этади.


