Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, атоқли режиссёр ва телебошловчи Мираббос Мирзааҳмедовнинг вафоти муносабати билан чуқур таъзия изҳор этди.
Мираббос Мирзааҳмедов 19 ноябрь куни 84 ёшида вафот этди. У ўзининг нуроний қиёфаси, донишмандлиги, кўп йиллик маҳорати билан 40 йилдан ортиқ вақт давомида эфирга узатилаётган “Оталар сўзи – ақлнинг кўзи” кўрсатувига янги мазмун ва руҳ олиб кирган, ушбу дастур орқали жамиятдаги ижтимоий-маънавий масалаларга эътибор қаратишда катта хизмат қилган эди.
Таъзия мактубида давлат раҳбари, шунингдек, Сенат раиси Танзила Норбоева, Қонунчилик палатаси спикери Нуриддин Исмоилов, Бош вазир Абдулла Арипов ва С.Турдиев Мираббос Мирзааҳмедовнинг ўзбек телевиденияси ва маданиятининг тараққиётига қўшган улкан ҳиссасини алоҳида таъкидлаб, марҳумнинг хотираси халқимиз қалбида доимо эъзозланишини билдирдилар.
Ижодий фаолияти
1941 йил 30 сентабрда Тошкент шаҳрида туғилган Мираббос Мирзааҳмедов Тошкент театр ва рассомлик институтида таълим олган. Меҳнат фаолиятини Ўзбекистон телерадиокомпаниясида бошлаган ижодкор 60 йилдан ортиқ муддат давомида: “Ёшлар” таҳририятида режиссёр ва бош режиссёр, “Ўзбекистон” телеканалининг олий тоифали режиссёри, “Оталар сўзи – ақлнинг кўзи” дастурининг режиссёри ва бошловчиси сифатида самарали хизмат қилди.
У томонидан суратга олинган “Баҳор қайтмайди”, “Излайман”, “Қалбингга қулоқ сол”, “Баҳс”, “Уч илдиз”, “Дунёнинг ишлари” каби телефильмлар миллий руҳ, теран мазмун ва халқчил услуби билан кенг аудитория эътиборини қозонган.
Мираббос Мирзааҳмедовнинг санъатдаги хизматлари юксак эътироф этилиб, у “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими” фахрий унвонига, “Меҳнат шуҳрати” ва “Дўстлик” орденларига сазовор бўлган.
Таниқли санъаткорнинг самимийлиги, донолиги, ёш авлодга меҳрибон устозлиги, телевидение ривожига қўшган ҳиссаси халқимиз хотирасида ҳамиша яшайди.


