9 август куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев билан телефон орқали мулоқот ўтказди.
Давлат раҳбари қариндош Озарбайжон халқини ва унинг етакчисини яқинда Вашингтон шаҳрида Озарбайжон ва Арманистон ўртасида имзоланган тинчлик декларацияси билан самимий табриклади. Шавкат Мирзиёев ушбу ҳужжатнинг тез орада тинчлик битимига айланиши Жанубий Кавказ минтақасида барқарорлик, тараққиёт ва фаровонликни таъминлашга хизмат қилишига ишонч билдирди.
Суҳбат чоғида жорий йилнинг июль ойида Ўзбекистон Президентининг Озарбайжонга давлат ташрифи давомида эришилган келишувларни амалга ошириш доирасида стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Икки томонлама савдо ҳажмининг йил бошидан 30 фоизга ошгани, “Йўл харитаси” асосида иқтисодиётнинг турли тармоқларида истиқболли кооперация лойиҳалари ишлаб чиқилаётгани қайд этилди. Шунингдек, нефть-газ соҳасидаги стратегик лойиҳа доирасида маҳсулот тақсимотига оид битим асосида амалий ишлар олиб борилаётгани таъкидланди.
Президентлар бўлажак олий даражадаги учрашувлар ва тадбирлар режасини ҳам кўриб чиқдилар.


