Президент солиқ тизимидаги коррупция ҳолатларидан хабари борлигини маълум қилди.
«Мураккаб солиқ маъмурчилиги, бизнесга ортиқча аралашиш ва тизимдаги коррупция ҳолатларининг барчасидан хабарим бор», - деди давлат раҳбари.
Солиқ тизими тубдан ислоҳ қилиниб, солиқ идоралари ходимларининг ёндашувлари бутунлай ўзгартирилиши таъкидланди. Жумладан, келгуси йил 1 январдан бошлаб рейтинги юқори корхоналар барча турдаги солиқ текширувларидан озод қилинади ҳамда уларга қўшилган қиймат солиғининг ортиқча қисми бир кунда қайтариб берилади.
Шунингдек, қўшилган қиймат солиғи тўловчиси гувоҳномасини вақтинчалик тўхтатиб туриш амалиёти бекор қилинади.
Бундан ташқари, президент ҳозирда камерал назорат тўлақонли солиқ текширувига айланиб кетгани ва бу коррупцияга ҳам йўл очиб бераётганини кўрсатиб ўтди. Эндиликда камерал назоратда тадбиркордан ҳужжат талаб қилиш ёки уни идорага чақириш қатъиян тақиқланади.
Шунингдек, алоҳида очиқ-ошкора платформа яратилиб, солиқчилар кўрсатган хизматлар сифатига тадбиркорларнинг ўзи баҳо берадиган тизим йўлга қўйилади. Шу билан бирга, ҳозирда солиққа оид битта ҳуқуқбузарлик учун тадбиркор сифатида молиявий жарима, жисмоний шахс сифатида маъмурий жарима қўлланмоқда. Бундай амалиёт бекор қилиниши таъкидланди.
Тадбиркорларга қўлланаётган жарималар улар фаолиятининг тўхтаб қолишига сабаб бўлмаслиги зарурлиги қайд этилди. Шу нуқтаи-назардан уч ойда барча молиявий санкциялар қайта кўриб чиқилиб, адолатли меъёрлар белгиланади.
«Тадбиркорнинг солиқ идоралари билан бўладиган барча низолари маъмурий суд ваколатига ўтказилади. Шунингдек, тадбиркорларнинг тўғридан-тўғри судга шикоят қилишидаги ҳар қандай чекловлар олиб ташланади», — президент.
Маълум қилинишича, солиқ бўйича тадбиркорларга нисбатан даъво киритиш муддати ҳозирги 5 йилдан 3 йилга туширилади. Бундан ташқари, солиқ ёки кредит қарзини ундириш бўйича суд қарори чиқарилганда, пеня ва фоизлар ҳисоблаш тўхтатилади.


