Silk Road Samarkand сайёҳлик мажмуасида бўлиб ўтаётган VII Халқаро конгресси доирасида «Кино ва медиа олами: Меросга янгича нигоҳ» халқаро конференцияси бўлиб ўтмоқда. Тадбирда Туркий дунё мамлакатлари кино ташкилотларининг ижодий ва ишлаб чиқариш имкониятларини бирлаштириш муҳокама қилинмоқда.
Конференция давомида Кинематография агентлиги директори Фирдавс Абдухалиқов ва Миллий кинематографияни ривожлантириш маркази раҳбари Фурқат Усмонов нутқ сўзлади. Тадбирга Агентлик директори ўринбосари Шуҳрат Ризаев ва ТУРКСОЙ бош котибининг халқаро кино бўйича маслаҳатчиси Майра Карсакбаева модераторлик қилди.
Бундан ташқари, конференцияда ТУРКСОЙ мамлакатларининг бошқа вакиллари Хожакули Нарлиев, Айдар Омаров, Байраммуҳамед Байраммуҳамедов, Акжол Бекболатов, Миляуша Айтуганова ва бошқалар ҳам ўз чиқишлари билан иштирок этди.
Шунингдек, Шуҳрат Ризаев «Тарихий фильмларни ҳамкорликда ишлаб чиқариш кинолойиҳалари тақдимоти»ни ўтказди ва Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Ўзбекистон тарихидаги буюк шахслар ҳақида 50 та фильм суратга олинишини ҳамда бу бўйича ишлар бошланганини маълум қилди.
Эслатиб ўтамиз, айни кунларда Самарқандда халқаро илмий анжуман бўлиб ўтмоқда. Унда 40 дан ортиқ давлатдан 300 га яқин олимлар иштирок этяпти.


