Тадбиркор Евгений Пригожиннинг авиаҳалокатга учрашига Кремлнинг алоқадорлиги ҳақида қатор маълумотлар тарқалди. Ҳолатга Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков муносабат билдирди.
Аввалроқ, 24 август куни Россия президенти Владимир Путин бизнесмен самолётининг ҳалокати ҳақида гапирганди. У ўз чиқишида Пригожинни тақдири оғир бўлган истеъдодли инсон сифатида тилга олади.
Песковнинг сўзларига кўра, Твер вилоятида содир бўлган авиаҳалокат бўйича кўплаб тахминлар пайдо бўлган.
«Буларнинг барчаси мутлақо ёлғон», — дейди у.
Пригожин 23 август куни Embraer бизнес-жети ҳалокатида яна тўққиз киши билан бирга вафот этганди. Ҳодиса юзасидан жиноят иши қўзғатилган. Тергов Твер вилоятидаги самолёт ҳалокати сабабларининг бир нечта версияларини кўриб чиқмоқда, улар орасида учувчи хатоси, техник муаммолар ва ташқи таъсирлар ҳам бор.


