Шавкат Мирзиёев 5 сентябрь кунги видеоселектор йиғилишида ҳудудларда янги мактаблар қурилиши мавзусига алоҳида тўхталиб, вилоят ҳокимларини танқид қилди.
Унда Давлат раҳбари Ўзбекистонда 290 та мактаб объектларида қурилиш-таъмирлаш ишлари ниҳоясига етмаганини таъкидлаган. Бундай камчиликка йўл қўйган вилоятларга эса келгуси йил мактаб бўйича пул берилмайди.
«Бугун ҳар бир ҳоким шошилмасдан менга айтиб беради: ички имконият борми ёки йўқми? Бор бўлса, нега халқимизга хиёнат қиляпсан? Нега бориб пулни ўзлаштирмаяпсан? Нега берилган кредитни қилолмаяпсан? Мен бугун ҳаммадан сўрайман.
Бугун — 1 сентябрь. 290 та мактаб объектлари қурилиш-таъмирлаш ишлари ниҳоясига етмаган. Бу нимадан далолат? Бугунги айтган камчиликлар бўйича инвестицион дастурни тугатамиз. Шу вилоятларга келгуси йил мактаб бўйича пул берилмайди. Ҳоким айбдор, деб ҳамманинг ўзи телевизорда чиқади: "Шуни бажармаганимга мен айбдорман", деб.
Андижон — 25 та, Бухоро — 24 та, Жиззах — 12 та, Қашқадарё — 32 та, Навоий — 8 та, Наманган — 12 та, Самарқанд — 8 та мактабда қурилиш-таъмирлаш ишлари тугатилмаган. Сурхондарёда, жаноб, прокурор билан гаплашаётган бир ҳоким бор — 29 та мактаб. Сен прокурор билан телефонда гаплашишдан олдин мактаблар қурилишини жойига қўйиб қўй. Чарчаган бўлсанг, ишдан оламан сени ҳам.
Тошкент вилояти, жаноб Мирзаев — 41 та, Сирдарё — 6 та, Фарғона — 23 та, Хоразм — 6 та, Тошкент шаҳри — 23 та мактаб охиригача етказилмаган. Бугун кечқурун ҳамма ҳокимлар менга хат ёзади, агар биронта гапнинг таги бўлмаса ишдан оламан», — деган йиғилишда Президент.


