Ҳукуматнинг 2026 йил 30 январдаги 38-сон қарори билан “Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг яшаш жойи манзили ҳамда уларга тегишли кўчмас мулкда яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтган шахслар тўғрисидаги маълумотларни таҳрирлаш бўйича давлат хизматини кўрсатиш” маъмурий регламенти тасдиқланди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.
Регламентга мувофиқ, давлат хизмати қуйидаги ҳолатлар бўйича кўрсатилади:
— фуқаронинг яшаш жойи манзили ҳақидаги нотўғри маълумотларни таҳрирлаш бўйича мурожаати асосида тизимда таҳрирланган қайд варағини бериш;
— мулкдорнинг кўчмас мулкида яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтган шахслар ҳақидаги нотўғри маълумотларни таҳрирлаш бўйича мурожаати асосида манзил бўйича рўйхатдан ўтганлар ҳақидаги таҳрирланган маълумотномани тақдим этиш.
Мазкур хизматни кўрсатишда Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Миграция ва персоналаштириш департаменти ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари ваколатли орган ҳисобланади.
Ариза берувчилар ваколатли органга ёки давлат хизматлари марказига шахсан мурожаат қилиши, шунингдек, Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) орқали электрон шаклда ариза топшириши мумкин.
Ваколатли органга келиб тушган мурожаат 3 иш куни мобайнида кўриб чиқилади. Текширув натижаларига кўра, таҳрирланган маълумотлар тизим орқали QR-код билан тасдиқланади ва шу куннинг ўзида ариза берувчига тегишли хабарнома юборилади.


