1. Бош саҳифа
  2.  / 
  3. Жаҳон

Пулли йўллар имкониятми ёки тўсиқ?

Ҳозирда мавжуд йўлларни сақлаш ва таъмирлашда кўзга кўринадиган натижалар йўқ бўлаётган бир пайтда янги пулли йўллар сифати, хавфсизлиги ва адолатли тўлов тизимига жамоатчилик ишончи ҳали тўлиқ шаклланмаган.

Пулли йўллар имкониятми ёки тўсиқ?

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси йиғилишида муҳокама этилган “Автомобиль йўллари тўғрисида”ги янги қонун лойиҳасида Ўзбекистонда пулли йўлларни жорий этиш имконияти назарда тутиляпти.

 

Қуйи палата хабарига кўра, Қонун лойиҳаси билан “автомобиль йўлларини режалаштириш” механизми жорий этилиб, йўл инфратузилмасини аҳоли ва иқтисодиётнинг ўсиб бораётган эҳтиёжларига мос равишда ривожлантириш назарда тутилмоқда.

 

Шунингдек, қонун лойиҳасига коммуникация тармоқларини қуришда йўлларнинг аввалги ҳолатини тиклаш харажатларини қоплаш шарти киритилмоқда. Йўлларда катта ҳажмли ва оғир вазнли транспорт воситаларининг ҳаракатланиши тартибга солинмоқда. Ажратилган ва йўл бўйи минтақаларида хизмат кўрсатиш объектларини жойлаштиришга оид талаблар белгиланмоқда. Қонун лойиҳасининг яна бир асосий жиҳати, бу пулли йўллар тармоғини барпо этишнинг ҳуқуқий асослари яратилмоқда. Бунда айрим йўллар хусусий инвесторлар маблағлари ҳисобидан қурилиб, улардан фойдаланиш белгиланган тартибда тўловли бўлади.

 

Лойиҳа расмий жиҳатдан давлат бюджетини енгиллаштириш, хусусий инвестицияларни жалб этиш ва йўл инфратузилмасини замонавийлаштиришдек муҳим мақсадларни кўзлаши мумкин. Аммо амалда қандай оқибатларга олиб келиши мумкин? Ушбу тартибнинг жорий этилиши ўзбекистонликлар учун нечоғлик аҳамиятли? Пулли йўллар имкониятми ёки тўсиқ? Айни пайтда масала муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Ушбу саволга Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар Парламенти ёшлар тадбиркорлиги, рақобатни ривожлантириш ва саноат қўмитаси раис ўринбосари Бобур Исмоилов ўз муносабатини билдирди.

 

— Бу борада партиялар фракция йиғилишларида билдирилган эътирозлар, хусусан ўзимнинг айрим фикрларимга тўхталиб ўтмоқчиман.

 

Биринчидан, амалда “танлов эркинлиги” деган тушунча сўзда қолиб кетмаслиги зарур. Пулли йўл барпо этилиши фуқаро айнан шу йўлдан ўтишга мажбур қилинадиган ҳолатни яратмаслиги, унга мос ва сифатли бепул муқобил йўллар таклиф этилиши лозим.

 

Иккинчидан, пулли йўллар қурилиши учун ажратиладиган ерлар, уларнинг маршрутлари ва устуворликларида шаффофлик бўлмаса, бу коррупцион таваккалчиликларга олиб келиши мумкин.

 

Учинчидан, ҳозирда мавжуд йўлларни сақлаш ва таъмирлашда кўзга кўринадиган натижалар йўқ бўлаётган бир пайтда янги пулли йўллар сифати, хавфсизлиги ва адолатли тўлов тизимига жамоатчилик ишончи ҳали тўлиқ шаклланмаган.

 

Пулли йўллар жорий этилишини фақат молиявий рақамлар ва бюджет юки орқали эмас, балки фуқароларнинг ҳаёт сифати, ижтимоий тенглик ва иқтисодий адолат нуқтаи назаридан баҳолаш лозим. Бундай лойиҳалар жамоатчилик фикри ва манфаатлари билан ҳамоҳанг ҳолда амалга оширилиши керак, дейди депутат.

 

Куни кеча бўлиб ўтган қуйи палата йиғилишида қайд этилишича, йўлларни лойиҳалаштиришда аҳоли фикри ва атроф-муҳитга таъсирини инобатга олиш ҳамда пиёдалар учун тўсиқсиз муҳитни яратиш бўйича қатъий талаблар ўрнатилмоқда.

 

Zamon.uz бу борада жамоатчилик муносабатини ўрганади ва тез орада мавзуга яна қайтамиз.

Категориялар

Боғланиш учун

+998 (71) 207-21-28

Электрон манзил:

info@zamon.uz

Шаҳодатнома

№1346 Берилган сана: 28.05.2020

Асосчиси

ООО Master Media Production and Broadcast

Таҳририят манзили

Tошкент ш., Амир Темур шоҳ кўчаси, 53 уй

Яндекс.Метрика