Кеча, 10 сентябрь куни Қамчиқ довонида бир нечта автомашина иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Ҳолат юзасидан Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Матбуот хизмати маълумот берди.
Ҳодиса соат соат 22:46 да “Тошкент–Ўш” халқаро автомобиль йўлининг 247-километрида юз берган. Фарғона водийси томон ҳаракатланаётган Isuzu русумли юк машинаси ҳайдовчиси бошқарувни йўқотиб, бир нечта автомобиллар иштирокида ЙТҲ содир этган. Тўқнашув натижасида айрим автомобиллар ёниб кетган.
Ҳодиса оқибатида 3 киши ҳалок бўлган, 5-7 киши жароҳатланган. Воқеа жойига ФВВнинг “Қамчиқ” Махсус қидирув, ёнғин-қутқарув бошқармасидан 2 та экипаж ва 1 та автоевакуатор етиб борган ҳамда ёнаётган машиналар соат 23:50 да ўчирилган.
Шунингдек, қутқарувчилар томонидан жабрланганларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатилиб, шифохонага юборилган. Орадан бироз вақт ўтиб, шифохонада яна 1 нафар фуқаро вафот этган. Ҳозирда Қамчиқ довони автомобиллар ҳаракати учун очиқ.


