Ижтимоий тармоқларда Қарши аэропорти ходимлари томонидан йўловчилар багажларини юк машинасининг орқа қисмидан туриб перронда (аэропорт ички ҳудуди) тарқататилаётгани акс этган видео тарқалди. Йўловчилар ушбу ҳолат бўйича ўз норозиликларини билдиришган. Ҳолат юзасидан “Uzbekistan airports” расмий баёнот берди.
Қайд этилишича, айни пайтда Қарши аэропортида учиб кетиш ва учиб келиш залларини кенгайтириш, халқаро ва маҳаллий авиақатновлар терминалларини алоҳида фаолиятини йўлга қўйиш мақсадида реконструкция ишлари олиб борилмоқда.
“Шу сабабли терминалда қурилиш ишлари билан боғлиқ фавқулодда вазиятлар юзага келиши мумкин. Ҳозирда аэропорт, бошқарув компанияси билан биргаликда бундай ҳодисаларнинг олдини олиш чораларини кўрмоқда ва юзага келган ноқулайликлар учун йўловчилардан узр сўрайди”, — дейилади хабарда.


