Ижтимоий тармоқда Қашқадарё вилояти Қарши шаҳрида такси ҳайдовчилари камар масаласи бўйича йиғилаётгани айтилган видеолавҳа тарқалди. Ҳолат юзасидан ЙҲХХ расмий муносабат билдирди.
Қайд этилишича, бугун, 26 май куни Қарши шаҳар Ислом Каримов кўчасидаги Транспорт коллежи рўпарасида йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланувчи такси ҳайдовчилари хавфсизлик камари масаласида норозилик билдириб чиқишган. Улар хавфсизлик камаридан фойдаланиш қоидаларига амал қилмасдан содир этган қоидабузарликларини бекор қилишни сўраб масъулларга мурожаат қилган.
“2022 йил 14 май куни Ислом Каримов кўчасида “Lochin ko’z-Q” дастури асосида камералар ўрнатилиб, улар орқали хавфсизлик камари қоидабузарликларини аниқлаш ишга туширилганлиги тўғрисида Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг расмий саҳифаси ҳамда бошқа ижтимоий тармоқларда маълумот берилган”, — дейилади хабарда.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Қарши шаҳар ИИО ФМБ ходимлари томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 12 апрелдаги 172-сон қарори билан тасдиқланган “Йўл ҳаракати қоидалари”нинг 9-бандига янги норма киритилган бўлиб, унда “Конструкциясида хавфсизлик камарлари назарда тутилган транспорт воситасини бошқараётган ҳайдовчи ва унинг олд ўриндиғидаги йўловчилар ҳаракатни бошлашдан олдин хавфсизлик камарини тақиб олишлари шарт”лиги белгиланган.
“Янги тахрирдаги йўл ҳаракати қоидаларига киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларнинг асосий мақсади автомобиль йўлларида содир бўлаётган оғир турдаги йўл-транспорт ҳодисаларини олдини олишга, фуқаролармизнинг соғлиғи ҳамда ҳаётини асрашга, йўл-транспорт ҳодисаларининг оғирлик даражасини камайтиришга қаратилган”, — дея қўшимча қилинган хабарда.


