Қашқадарёда ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган материалларни тарқатган йигит 6 йилга озодликдан маҳрум этилди, дея хабар бермоқда УзА.
Аниқланишича, Яккабоғ туманида яшовчи фуқаро 2019-2022 йилларда Россияда меҳнат мигранти бўлиб ишлаган даврида интернет орқали террористик ташкилотлар ва диний экстремистик оқимлар ғоявий раҳнамолари бўлган Абдуллоҳ Зуфар, Абдуллоҳ Бухорий, Содиқ Самарқандий, Маҳмуд Абдулмўмин ва бошқаларнинг «ҳижрат» ва «жиҳод» қилишга, исломий давлат қуришга чорловчи маърузалари таъсирига тушиб қолади. Шундан сўнг у Instagramʼда ақидапарастлик материалларни тарқата бошлаган.
Шунингдек, у Telegramʼда ҳам «Ҳизб ут-Таҳрир» ташкилоти вакиллари билан алоқа ўрнатиб, ташкилот ғоялари сингдирилган ва амалдаги давлат тузумини Конституцияга хилоф тарзда ўзгартиришга хизмат қилувчи материалларни тарғиб қилиш билан шуғулланган. Шу билан бирга, у YouTube орқали ҳам «Ҳизб ут-Таҳрир»нинг тарғиботчиси билан боғланиб, унинг фаолиятини фаоллаштириш учун банк иловаси орқали пул маблағи юборгани ҳам аниқланади.
Қайд этилишича, айбланувчи Ўзбекистонга қайтиб келганидан кейин ҳам у ғайриқонуний ҳаракатларини давом эттиради ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан қўлга олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан ЖКнинг тегишли моддалари билан мазкур шахс айбли деб топилиб, 6 йилга озодликдан маҳрум этилган.


