7 ноябрь куни соат 09:45 ларда Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз шаҳрида «Шаҳрисабз-Мираки» йўлининг 1-километрида йўловчи ташувчи автобус ағдарилиб кетган. Бу ҳақда вилоят транспорт бошқармаси хабар берди [https://t.me/kashtransport/2618]. Хабарга кўра, ушбу йўл-транспорт ҳодисаси автобус ҳайдовчисининг руль бошқарувини йўқотиши натижасида юзага келган. Ҳодиса оқибатида ҳеч ким жароҳат олмагани айтилмоқда. Қашқадарё вилояти транспорт бошқармасига кўра, «Исузу» русумли автобус Шаҳрисабз шаҳридан Шаҳрисабз туманининг Қутчи қишлоғига доимий йўловчи ташиб келган. Ушбу транспорт воситасининг йўловчи ташиш ҳуқуқини берувчи лицензия варақаси мавжуд. Маълум бўлишича, йўл-транспорт ҳодисаси вақтида автобус салонида 10 дан ортиқ йўловчи бўлган, уларга жиддий зарар етмаган. Ҳолат бўйича ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.