Қашқадарё вилоятининг Ғузор туманида ҳокимлик биносига чорва молларини ҳайдаб келган фуқарога чора кўрилди. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, 27 февраль куни фуқаро Ж.п. акасига тегишли чорва молларини Ғузор туман ҳокимлиги маъмурий биноси олдига ҳайдаб келган. Фуқаронинг хатти-ҳаракати юзасидан Ғузор туман ИИБ томонидан терговга қадар суриштирув ҳаракатлари олиб борилган.
Фуқаро жамоат жойида юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан қилган мазкур хатти-ҳаракатлари билан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган.
Мазкур ҳуқуқбузарлик юзасидан тўпланган ҳужжатлар ЖИБ Қамаши туман судига юборилган. Суднинг 2023 йил 3 март кунидаги қарорига кўра, ҳуқуқбузар Ж.п.га етти сутка қамоқ жазоси тайинланган.


