Ижтимоий тармоқларда Қибрай туманида бир гуруҳ шахслар ўртасида жанжал акс этган видеолар тарқалди. Тошкент вилояти ИИББ ижтимоий тармоқларда тарқалган видео бўйича изоҳ берди. Ҳодиса Тошкент вилояти ИИББ томонидан тўлиқ назоратга олинган ва барча иштирокчилар жалб қилинган ҳолда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Тошкент вилояти ИИББ маълумотларига кўра, жорий йилнинг 4 январь куни X.Ш. (1982 й.т.) ва Ш.M. (2003 й.т.) Тошкент шаҳар, Мирзо Улуғбек тумани ҳудудида транспорт воситалари орқали ҳаракатланиш вақтида йўл талашуви сабаб жанжаллашган. Орадан икки кун ўтиб, 6 январь куни улар телефон орқали келишиб, Қибрай тумани, «Соҳибкор» МФЙ ҳудудида учрашган.
Учрашув давомида Ш.M.нинг қариндошлари ҳам қўшилиши натижасида можаро муштлашувга айланган. Видеода уларни ажратаётган қўшнилар ҳам кўриниб, воқеа “оммавий муштлашув” таъсирини уйғотган.
Ҳозирда жанжалга алоқадор 5 киши жиноят ишига жалб қилинган ва тергов ҳаракатлари давом этмоқда. Жараён Тошкент вилояти ИИББ назоратида бўлиб, қонун устуворлиги таъминланмоқда. Тергов якунлари бўйича қўшимча маълумот берилиши билдирилди.


