Мактаб ўқувчилари учун қишки таътил 28 декабрдан бошланади, III чорак 2023 йилнинг 11 январидан бошланади. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Лайло Рустамова маълум қилди.
Шунингдек, жорий йилнинг 16 декабрь куни Халқ таълими вазири жамғармаси ҳисобидан ҳар ойлик устамага даъвогар педагогларнинг саралаш жараёнлари ўтказилиши ҳақида маълумот берилди. Мазкур синов жараёнлари 2 босқичда амалга оширилади.
1-босқичда Халқ таълими тизимини ислоҳ қилиш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгашлари, яъни ҳокимликлар томонидан киритилган номзод-ўқитувчилар “Бошланғич таълим”, “Аниқ ва табиий фанлар”, “Хорижий тиллар”, “Ижтимоий фанлар” ва “Амалий фанлар” йўналишлари бўйича бевосита Давлат тест маркази томонидан тегишли ҳудудларда синовдан ўтказилади.
2-босқичга ушбу синовларда максимал баллнинг 80 фоизи ёки ундан юқори натижа кўрсатган номзодлар ўтади ва уларнинг касбий маҳорати фаол жамоатчилик вакиллари ва маҳоратли педагоглардан иборат Ишчи гуруҳ томонидан баҳоланади.


