Тошкент шаҳридаги олий таълим муассасалари талабаларига қулайлик яратиш мақсадида қишки таътил арафасида сайёр кассалар фаолияти йўлга қўйилди. Энди талабалар темир йўл ва шаҳарлараро автобус қатновлари учун чипталарни ўз ўқиш жойидан туриб харид қилишлари мумкин.
Сайёр кассалар Ўзбекистон Миллий университети ҳамда Тошкент давлат иқтисодиёт университети ҳудудида ташкил этилган. Мазкур хизмат талабалар оқимини тартибга солиш, ортиқча навбатлар ва вақт сарфини камайтиришга хизмат қилади.
Масъуллар таъкидлашича, ушбу ташаббус талабаларнинг таътил олди сафарларини осонлаштириш ва транспорт хизматларидан фойдаланишни янада қулай қилишга қаратилган. Зарурат туғилганда сайёр кассалар сони кенгайтирилиши ҳам мумкин.


