«Дам олиш куни, кечаги жанжалдан кейин қўлим ҳовлидаги бирор ишга бормай, телевизор билан ўзимни чалғитиб ётибман. Аёлим ҳам қайсидир хонада ўтирибди, балким йиғлаётгандир, эҳтимол узримни кутаётгандир... Ўзи билади! Бир пайт акаси билан қўғирчоқ ўйнаб ўтирган беш яшар қизалоғим эркатойларини қучоқлаганча ёнимга келди. Аразлаган.
— Нима бўлди, Севара?
— Сардор акам, қўғирчоқларимни урди...
— Мен ёлғондан урдим уларни. Ахир биз «хола-хола» ўйнаётгандик-ку! — ўзини айбсизлигини исботлаш учун етти яшар Сардор ҳам шошиб гапира бошлади.
— Мана, қаранг, дадажон, йиғлаяпти қўғирчоқларим, — Севара шундай деб иккала «Барби»сини ҳам бағрига босди...
Аввалига хаёлимдан «Кеча онасига қўл кўтарганимни кўришмаганмикан?» деган ўй ўтди. Кейин Севаранинг муждаларида ёш, Сардорнинг ерга қадалган нигоҳларини кўриб, иккисини ҳам юпатишга сўз тополмадим. Худбинлигимдан эса жуда уялдим...»


