Қорақалпоғистон Республикасида тадбиркордан пора талаб қилган солиқ идораси ходимлари ушланди. Нукус шаҳрида озиқ-овқат маҳсулотлари чакана савдоси билан шуғулланувчи МЧЖ фаолиятини текширган Солиқ бошқармасининг икки нафар бош инспектори гўёки 213 млн сўмлик солиқ қонунбузарлиги аниқланганини айтиб, ушбу суммани 34 млн сўмгача камайтириб бериш эвазига корхона раҳбаридан 2 минг АҚШ доллари талаб қилган.
Давлат хавфсизлик хизмати томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида бош инспекторлар воситачилик қилган собиқ солиқ ходими орқали 700 АҚШ доллари ва 15 млн сўмни олаётган вақтда қўлга олинди. Тезкор чоралар билан уларнинг ноқонуний ҳаракатларига чек қўйилди.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан уч нафар шахсга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.


