Сўнгги кунларда Тожикистон ва Қозоғистон каби қўшни мамлакатларда ҳайвонлар орасида куйдирги билан касалланиш ҳолатлари кескин кўпайган. Қозоғистонда ҳолат эпизоотик даражага етиб боргани сабабли карантин эълон қилинган.
Мазкур вазият юзасидан Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси Эпидемиология ва ўта хавфли юқумли касалликлар бўлими бошлиғи Фарход Қурбонбеков аҳолини ҳушёрликка чақирди ва касаллик ҳақида муҳим маълумотлар билан бўлишди.
Куйдирги (сибир ёраси) — Bacillus anthracis бактерияси сабабли келиб чиқадиган ўта хавфли инфекцион касаллик бўлиб, одамларга асосан касалланган ҳайвонлар билан тўғридан-тўғри алоқа, гўшт маҳсулотларини нотўғри ишловдан ўтказиб истеъмол қилиш орқали юқади.
Касалликнинг 98–99 фоизи тери шаклида учрайди ва тўғри даволанса, асорат қолдирмайди. Бироқ ичак, ўпка ва сепсис шакллари оғир кечиб, кўпинча ўлим билан якунланади.
Касалликдан ҳимояланиш учун қуйидагиларга қатъий амал қилиш зарур:
– Чорва ҳайвонларини ҳар йили ветеринар назорати остида профилактик эмлаш;
– Чорва ҳайвонларини фақат рухсат этилган жойларда ва ветеринар назоратида сўйиш;
– Ҳайвон гўшти ва маҳсулотларини фақат текширувдан ўтган манбалардан харид қилиш;
– Касаллик аломатлари кузатилган ҳайвонлар ёки уларнинг маҳсулотларини истеъмол қилмаслик;
– Баданга яралар пайдо бўлса, айниқса чорва билан ишловдан кейин — дарҳол шифокорга мурожаат қилиш.
Куйдирги ҳолатларининг мамлакат ҳудудига кириб келмаслигини таъминлаш мақсадида:
– Ўзбекистоннинг 55 та чегара назорат пунктларида санитар-эпидемиологик назорат кучайтирилган;
– Гумонли ҳудудлардан ўтказилаётган инсонлар ва юклар чуқур дезинфекция ва тиббий кўрикдан ўтказилмоқда;
– Куйдирги бўйича доимий лаборатория кузатувлари ва тупроқдан намуна олиш ишлари йўлга қўйилган.
Санэпидқўмита фуқаролардан ҳушёрликни ошириш, санитария-гигиена қоидаларига қатъий риоя қилиш ва ҳайвонлар билан мулоқотда эҳтиёткорликни кучайтиришни сўрайди.
Куйдирги аломатлари мавжуд бўлган ҳайвонлар ёки одамлар аниқланса, дарҳол ҳудудий тиббиёт муассасаларига ёки ветеринария хизматларига мурожаат қилиш тавсия этилади.


