Қозоғистон Фуқаро авиацияси қўмитаси ва Авиация маъмурияти (ААК) Қозоғистон авиакомпанияларига Эрон ҳаво ҳудуди устидан, шунингдек унинг ичида ва яқинида парвозларни вақтинчалик тақиқлади. Ушбу қарор минтақада ҳаво хавфсизлигига таҳдидлар кучайиб бораётгани сабабли қабул қилинган. Бу ҳақда Tengrinews хабар берди.
Маълум қилинишича, чоралар профилактика характерига эга бўлиб, йўловчилар ва экипаж хавфсизлигини таъминлашга қаратилган. Ҳозирда барча Қозоғистон авиакомпаниялари рейсларини потенциал хавфли ҳудуддан четга йўналтирмоқда.
“Вазият Қозоғистон Авиация маъмурияти томонидан доимий кузатилмоқда. Хавф даражаси ўзгариши билан кейинги қарорлар қабул қилинади”, дейилади расмий баёнотда.
Чекловларнинг муддати ҳозирча белгиланмаган; тақиқ кейинги хабарномага қадар амал қилади. Шу билан бирга, вазият назорат остида бўлиб, хавфсизлик таҳдидларининг ўзгариши билан қўшимча чоралар кўрилади.
Аввалроқ, Эрон расмийлари АҚШ томонидан 24 соат ичида ҳаво ҳужуми бўлиши мумкинлиги ҳақида хабар берилгандан сўнг, мамлакат ҳаво майдонини ёпган эди.


